Самарқандга сув тегирмони керак ёхуд Шум боланинг таклифи

"Бой отанинг исми ҳам эсингиздан чиқиб кетгандир-а? Мени ҳамма "Шум бола", деганидек, Сарибой бўлисни ҳам "Бой ота" деб кетишди. Начора, қўйнинг қулоғига босилган тамғадай отимиз Шум бола бўлиб қолган-да, энди. Қулоқни кесиб ташлаб бўлмаганидай, лақабни ҳам йўқотиб бўлмас экан. Ёшлигимдан одат бўлиб қолган, ҳар-ҳар замон ёлғон гапиришимни билган Бой ота рост гапирсам ҳеч ишонмайди. Шаҳарга бир чиқиб, кўрган-эшитганимдан маслаҳат солсам, қувиб солди...

– Бой ота, энди чирик олмаларингизни ҳеч кимга сотолмайман. Атрофга бир қаранг, ёзнинг чилласида ҳам ўтган йилги олмаларни янги узилгандек қилиб, расталарга териб қўйишяпти. Энди "номерингиз" ўтмайди, олма ўрайдиган ёғоч қириндиларингизнинг даври кетди, – дедим "Сиёб бозори"да бир кун туриб, Самарқандда бир ҳафта сайр қилиб қайтгач.

– "Номер"инг нимаси эди? Нега олмаларим ўтмас экан.

– Бунисини билмайман, Бой ота. Лекин бир нарсага гувоҳ бўлдим.

– Хўш?

– Регистонда ҳар хил одамларни кўрдим. Забонлари ҳам ҳар хил. Ўлай агар, бирортасининг гапига тушунган бўлсам.

– Иннайкейинчи?

– Иннайкейин... қизиқиб бир тилмоч билан сўзлашдим.

– Хўш, сенга нима деди ўша тилмоч?

– Улар сайёҳлар экан. Тарихимиз, меъморий ёдгорликларимиз билан танишиш учун келишаркан.

– Иннайкейинчи?

– Ўзларининг юртига бориб гапириб беришаркан.

– Иннайкейинчи?

– Иннайкейин, эшитганлар қизиқиб улар ҳам келишаркан.

– Хўш, улар келиб нима қилишаркан?

– Улар ҳам томоша қилиб кетишаркан.

– Шунга менинг бошимни қотиряпсанми? Иннайкейинчи?

– Э, Бой ота, бошни қотирмаса пул қаёқдан келади?

– Хўш-хўш?!

– Ўттиз йилдан бери ишламаётган сув тегирмонингизни ишлатиш керак.

– Ийя, жинни-пинни бўлиб қолганмисан дейман.

– Йўқ, агар айтганимни қилмасангиз жинни бўлиб қоламан. Ўша тегирмонни юргазиб қўйиб, чет элликларга томошагоҳ қилсангиз, ана ундан кейин кўринг пулларнинг жарақ-жарақ келишини.

– Иннайкейинчи?

– Бой ота, беэътибор бўлманг. Мен кузатдим. Сайёҳлар бизнинг тарихимизга қизиқаркан. Сув тегирмонингизни кўриб, ҳайратга тушмаса, отимни бошқа қўяман.

– Ия, улар тегирмон кўрмаган эканми?

– Унни дўконда олган банда, тегирмоннинг отини билади фақат, Бой ота.

– Хўш, иннайкейинчи?

– Иннайкейин, томошагоҳга қатиқ қилишни қўшамиз, ертўлада чанг босиб ётган кувини чиқариб, сариёғ олишни кўрсатамиз. Майрам гиламчини қизи билан ишга олиб, урчиқда жун йигиртирамиз ўша ерда. Озгина чириклик қилмасангиз, улар ипини шу ерда ранглаб, шу ерда тўқиб беради, Бой ота.

– Иннайкейинчи?

– Иннайкейин... ёғурчоқни қўшамиз, ола новвосларингизни қўшга қўшиб ер ҳайдаб кўрсатамиз.

– Иннайкейинчи?

– Э, Бой ота, иннайкейинига Худо пошшо. Бисмилло, деб бошлайвериш керак ишни.

– Ҳов, менга қара, шунча нарсага ақлинг етган экан, тегирмонга энди сув топиб бўлмаслигига ақлинг етмадими? Ариқлар кўмилиб кетган-ку.

– Бой ота, битта ҳовуз билан иккита сув насос-ку чораси.

– Ия, бу айтганларинг неччи пул туришини биласанми ўзинг?

– Буни ҳам суриштириб келдим. Сайёҳларни жалб қилиш учун қилинадиган ишлар учун имтиёзлар бериляпти экан.

– Иннайкейинчи?

Бой отанинг мана шу иннайкейинига жавоб бераверишдан чарчаб индамагандим, қамчилаб қолди. Қочиб қутулдим. Ростини айтсам, бунақа чирик бойдан халққа фойда йўқ. Ундан кўра бешта одамнинг бошини бириктириб, иш қилиб бероладиган, чет эллик меҳмонни очиқ юз билан кутиб оладиган бой яхшида. Таклифим билан шундай хайрли иш бошланиб кетса, савоби тегадими дейман-да.

Айтганча, хорижлик меҳмонлар олмани сақлашнинг қадимий усулларига ҳам қизиқишса керак-а? Нима дедингиз?"

Шум боланинг мактубини нашрга тайёрловчи Аслиддин МУСТАФОЕВ.