Самарқандлик 21 ёшли фуқаро наманганликни чув туширди
Наманган шаҳрида яшовчи 40 ёшли М.В. телефон орқали “Интер Винго” номли фирма ишчиси билан танишиб, Польша давлатига ишга кетиш мақсадида банк картасига 2 миллион 700 сўм пулни ўтказиб берганидан сўнг “номаълум шахс” унинг қўнғироқларига жавоб бермай, қора рўйхатга киргазиб қўйганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Самарқанд вилоятида яшовчи 21 ёшли Г.В. содир этганлиги аниқланган. У ўзини “Интер Винго” номли фирма ишчиси деб жабрланувчига таништирган ва уни Польша давлатига ишга жўнатишини ваъда қилиб, банк картасига 2.700.000 сўм миқдоридаги пулни ўтказиб олиб, ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Ҳолат юзасидан, Г.В.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисм билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Г.В.га содир этган жиноий ҳаракатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.