Самарқандлик Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича Осиё-Океания чемпиони бўлди

20 апрель, шанба куни БААнинг Фужайра шаҳрида дзюдо бўйича Осиё-Океания чемпионати бошланди.

Катталар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам иштирок этмоқда. 52 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Диёра Келдиёрова барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпиони бўлди.

Диёра олтин медали учун кечган финал беллашувида мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасурендан устун келди. У финалга қадар австралиялик Кимберлей Чалмерс, кореялик Да Сол Парк, КХДР вакиласи Сим Сонг Римни таслим этишга эришди.

У 1998 йил Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия университети талабаси.

Спортнинг якка курашига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Хуршида Халикова қўл остида шуғулланади.

2015 йил Босния Герсоговиниянинг Сараева шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган.