Самарқандлик тадбиркорлар Франциянинг Ницца шаҳри ишбилармонлари билан ҳамкорлик қилади

Шу кунларда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосарлари О.Ҳамроев ҳамда Ж.Ҳайдаров бошчилигидаги тадбиркорлардан иборат вилоятимиз делегацияси Франциянинг Ницца шаҳрида бўлиб турибди.

Делегация аъзолари дастлаб Ницца шаҳри мэри Крисиан Эстроси билан учрашди ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, бир қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, учрашув давомида туризм оқимини ошириш, шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, шаҳарлар ўртасида маданият кунларини ўтказиш, Ницца шаҳрида миллий таомлар ошхонасини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида Самарқанд шаҳри ва Ницца шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида келишув имзоланди.

Шундан сўнг вилоятимиз делегацияси аъзолари Ницца шаҳри Инновация марказига бориб, Ницца шаҳри мэри ўринбосари билан учрашув ўтказди ҳамда йирик компаниялар томонидан ҳудудда амалга оширилаётган старт-ап лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар Ницца шаҳрида етакчилардан ҳисобланган “Arkopharma” (фармацевтика) ҳамда “Fragonard” (косметика ва парфюм) компанияларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Шунингдек, “HALIOTIS-2” корхонасида оқава сувларини қайта ишлаш ва шаҳар инфратузилмасини қуриш бўйича фикр ва тажрибалар алмашди.