Самарқандлик уламолар метрополитен қурилишида вафот этганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди
18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида 6 нафар юртдошларимиз қурбон бўлган эди.
Уларнинг икки нафари Самарқанд вилоятидан бўлиб, улар Оқдарёлик Ихтиёр Раҳматов ва Паст Дарғомлик Зариф Каримовлардир. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуо қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиз саналади.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва вилоятдаги бир гуруҳ уламолар марҳумларнинг хонадонида бўлиб, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Қуръон тиловати қилиниб, Яратган парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўралди. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканликларини билдирган ҳолда уларга сабру жамил тилаб, ўтганларнинг ҳақларига доимо дуода бўлишларини билдирдилар.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати.