Самарқанднинг микроҳудудларида аҳвол қандай?

Кўп қаватли уйларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан танишиш мақсадида бу гал Самарқанд шаҳридаги А, Б, В микроҳудудлар (микрорайон)да бўлдик.

Жумладан, “В” микроҳудуддаги Мирзо Бедил маҳалласида “Саховатли кишилар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 65- ва 67-уйларнинг ҳолати билан танишганимизда уларнинг фасади таъмирталаб эканлигини кўрдик. Уйлар олдида ўриндиқлар ўрнатилмаган, борлари ҳам синган, болалар майдончаси қурилиши якунига етказилмаган. 10 йилдирки, бошқа уйлар каби иситиш тизими ва иссиқ сув билан таъминланмаган.

- Бу уйлар қарийб эллик йил олдин қурилган, таъмирланганига эса уч-тўрт йил бўлди, - дейди “Саховатли кишилар” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Шерзод Мирзаев. - Ширкатимиз 11 та тўрт қаватли уйга хизмат кўрсатади. Барча уйлар таъмирталаб. Бу ҳақдаги мурожаатларимизга мутасаддилар ҳар гал дастурга тушади, кредит ажратилади деб жавоб беришади-ю натижа йўқ. Ўзимиз 2018 йилда 65- ва 67-уйларнинг Буюк ипак йўли кўчаси томонини таъмирладик, лекин бошқасига имкониятимиз етмайди.

- Шаҳримиздаги чиройли таъмирланган уйларни, болалар майдончасини кўриб ҳавасимиз келади, - дейди 65-уйда яшовчи М. Исмоилова. – Наҳотки, биз яшаётган уйларни таъмирлаш ҳақида ҳеч ким ўйламаса. Аслида ширкат бу каби муаммоларни ҳал қилиши керак эмасми?

Ҳудуддаги “Амиршох Мир Ализода” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига ҳам Шерзод Мирзаев раҳбарлик қилар экан.

Ширкатимизга қарашли 69- ва 73-уйлар вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 2019 йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди, - дейди Ш.Мирзаев. - Аммо 99-уйнинг таъмири чала қолди, 105-уйни таъмирлаш ишлари эса бошланмади ҳам.

Бирида яхши, бирида акси

Биз “А” ва “Б” микроҳудудларда бўлганимизда юқоридаги ҳолатларнинг аксини кўрдик. Уйлар сифатли таъмирланган, болалар майдончаси замонавий кўринишда.

– Уйлар 2018 йилда “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш” лойиҳаси асосида таъмирланди, – дейди “Маржона Жавоҳир сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Нурилло Қўйлиев. – Фақатгина бу ерда бир муаммо бор – уйлар иситиш тизими ва иссиқ сув билан таъминланмаган. Ҳамма уйлардаги қувурлар янгисига алмаштирилган, агар иссиқлик етказиб берилса, тизим ишлашга тайёр ҳолатда. “Иссиқлик манабаи” ДУК томонидан эса 2021 йилда иссиқлик тизимининг марказий тармоғи тўлиқ таъмирлангач, уйларга иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув етказилиши маълум қилинди.

“А” микроҳудуддаги “Токзор коммунал сервис, менинг уйим” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли 8- ва 13-уйда бўлганимизда уйнинг том қисми таъмири чала қолганини кўрдик.

– Ширкатимиз 10 та тўрт қаватли уйга хизмат кўрсатади, 655 хонадон мавжуд, - дейди “Токзор коммунал сервис, менинг уйим” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Маҳмуд Исмоилов. – 8- ва 13-уйларнинг таъмири “Алфа инвест груп” МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан амалга оширилган эди, бироқ бу ишлар охирига етказилмади. Ҳатто сметада кўрсатилмаган, деб уй олдига чиқинди қутилари ҳам ўрнатилмади. Уйларга кириш эшигининг тепа қисми ёпилмади. Ҳозирда бизни қийнаётган асосий муаммо иситиш тизимининг йўқлиги ва охирига етмаган таъмирлаш ишлари бўлиб қолмоқда.

 Ширкат фаолияти ўрганилмоқда

Биз ушбу ҳудудлардаги вазият юзасидан Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутасаддиларининг фикрлари билан қизиқдик.

– “В” микроҳудуд Мирзо Бедил маҳалласидаги 65- ва 67-уйларда яшовчи аҳолидан бизга ширкат фаолиятидан норози бўлиб мурожаат бўлганди, – дейди Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Фирдавс Маҳмадиёров. – Шу сабаб вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғининг шу йил 16 сентябрдаги буйруғига асосан ишчи гуруҳи тузилиб, айни пайтда “Саховатли кишилар”, “Амиршох Мир Ализода” ва “Мироншоҳ садаф” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти тўлиқ ўрганилмоқда (бу уч ширкатга ҳам Шерзод Мирзаев раҳбарлик қилади). Ўрганиш давомида ажратилган 1 миллиард сўм кредитларнинг сарфланиши, бажарилган ишларнинг сифати таҳлил қилинмоқда. Мазкур таҳлил якунлари бўйича уйларни таъмирлаш масаласига ойдинлик киритилади ҳамда ширкат раиси фаолиятига баҳо берилади.

“Мамат Илҳом” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига эса 60 миллион сўм кредит ажратилади ва уйларнинг 15 та кириш йўлаклари таъмирланади. Бундан ташқари, “Моҳинур элита сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига “Асака” банк томонидан 33 миллион 600 минг сўм кредит ажратилиши режалаштирилган. Бу маблағ 2 та кўп қаватли уйни, йўлакларни таъмирлаш ва эшикларни замонавийсига алмаштиришга сарфланади.

Фаррошга 400 минг сўм маош етарлими?

Суғдиёна масканининг Машъал маҳалласидаги “Машъал” уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ширкатига қарашли тўққиз қаватли 17-уйдамиз. Уйнинг мавжуд икки лифтидан бири ишламаётганига гувоҳ бўлдик. Уйга масъул Татяна Шукурованинг айтишича, лифтлар 1986 йилда уй қурилганда ўрнатилган. Шу сабабли иккинчиси ҳам тез-тез ишдан чиқиб тураркан. Уй сифатсиз таъмирланган, чиқинди ташлаш қутиси ўрнатилмаган. Қаватлар оралиғидаги йўлакларда электр симлари очиқ ҳолатда қолдирилган.

Ҳудуддаги 9-уй олдида ертўладан чиқарилган қувурдан ичимлик суви беҳуда оқиб ётибди. Ертўлани сув босиши оқибатида ичкари нам бўлган. Уй олди, ариқлар чиқинди ва хазонлардан тозаланмаган.

- 17-уйдаги лифтлар ҳақиқатда эскирган, - дейди “Машъал” уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ширкати раиси Абдумалик Ўрозов. – Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан шу йил лифтлар янгисига алмаштирилиши керак эди, аммо қолиб кетди. 2021 йил ўрнатилиши режалаштирилганини айтишди. Уйни таъмирлаш ишлари “Ғиёс ҳамкор қурувчи” МЧЖ томонидан бажарилди. Сифатсиз таъмирланишидан ташқари, уй олдидаги йўлакларнинг бетон қоплама ишлари чала қолди. Том ва ертўлани ширкат ҳисобидан таъмирладик. Уйлар олдини тозалаш учун уч нафар хотин-қизни бириктирганмиз. Улар томонидан ҳар куни бир уй олди тўлиқ тозаланади, шу сабаб, бошқасига улгурмаган бўлиши мумкин. 9-уй олдидаги ичимлик сув қувурини ҳовлидаги гулларни суғориш учун ўрнатганмиз, эътиборсизлик оқибатида жўмраги очиқ қолибди, ертўлани икки кун олдин қувур ёрилиши оқибатида сув босганди, ҳозир бартараф этилди.  

Ҳудудни тозалаш, супуриш ишлари учун хотин-қизларга қанча маош берилаётганини ширкат раисидан сўраганимизда 400 минг сўмдан ҳақ тўланаётганини билдирди.

Ширкат уйларни таъмирлаш учун 2016 йилда банкдан 409 миллион сўм кредит олган. Ҳозирда бу маблағнинг 147 миллион сўми қайтарилмаган. Ўз навбатида ширкат аъзоларида ҳам 160 миллион сўм қарз юзага келган. Уйлар олдида ўрнатилган кузатув камералари ширкат бошқа бинога кўчиб ўтгани учун, март ойидан буён ишламаётган экан.

Суғдиёнада бу йил ҳам уйлар иситилмайди

Кейинги манзилимиз Увайсий маҳалласидаги кўп қаватли уйлар бўлди.

- Ширкатимизга 10 та беш ва битта тўққиз қаватли уй бириктирилган бўлиб, 516 та хонадонга хизмат кўрсатяпмиз, - дейди “Суғдиёна гарант сервис” уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ширкати раиси вазифасини бажарувчи Шаҳобиддин Қиличев. – Уйларимиз 2018 йилда таъмирланган. Аммо 7 та уйнинг том қисмидан чакка ўтади, айни пайтда таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз. Бизда яна бир муаммо – уйлар олдида 12 та гараж борлиги. Аҳоли бу қурилмаларни олишни истамаяпти. Тегишли идораларга қилган мурожаатларимиз ҳам натижасиз. Ҳатто яқинда 3-сектор раҳбари ҳам келиб кетганди. Агарда гаражлар олинса, бу ерда автотураргоҳ ташкил этардик. Бундан ташқари, қурилиш корхоналари томонидан таъмирлаш ишларининг сифатсиз бажарилгани ва чала қолдирилгани ҳам аҳолининг эътирозига сабаб бўляпти. 13-, 14-, 15-, 16-, 21-, 23-уйларнинг таъмирлаш ишлари “Самарқанд элобод”, “Ренессанс қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан якунига етказилмагани учун қабул қилганимиз йўқ. 

   

Биз томи таъмирланаётган 15- ва 16-беш қаватли уйларда бажарилаётган ишларни кўриш мақсадида томга чиқдик. Ҳақиқатда томда сув ўтган жойлар таъмирланган. Аммо бир-икки метр жойни таъмирлаш билан том яроқли бўлармикан? Ямалган жойдан яна сув ўтмаслигига кафолат борми? Ширкат 2016 йилда банкдан 344 миллион сўм кредит олган. Ҳозирда унинг атиги 104 миллиони қайтарилган.

Шу уйларнинг ертўласида бўлганимизда захлиги, чиқиндилар мавжудлиги ва аҳоли хонадонидан сув тушаётганига гувоҳ бўлдик. Бунга Ш.Қиличев “бу уйда кам таъминланган оила яшайди, уйидаги қувурлари эскиргани учун сув тушяпти” дея изоҳ берди.

Ширкат томонидан уйларнинг йўлакларига замонавий ромлар ўрнатилган. 25-тўққиз қаватли уйнинг иккала лифти замонавийсига алмаштирилган. 20 та кузатув камералари мавжуд бўлиб, ҳудуд инспектори хонасида назорат қилинмоқда.

Суғдиёнада биз кўрган кўп қаватли уйларда ҳам иситиш тизими ва иссиқ сув мавжуд эмас. Аҳоли бу йил ҳам қишда ўз билганича (газ ва электр ускуналаридан фойдаланган ҳолда) уйини истишига тўғри келади. Уйларнинг ҳолати ва бажарилган ишлар бирида яхши-ю бирида ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бунга мутасаддилар эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Ҳусан ЭЛТОЕВ, Фазлиддин РЎЗИБОЕВ, “Зарафшон” мухбирлари.