Самарқанднинг мустақилликка тенгдош, ёш ҳокими юрт фидойиларини йўқлади
Мустақиллик байрами муносабати билан Нарпай тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов юрт ва халқ учун фидокорона меҳнат қилган фидойиларни йўқлади.
Туман жамоатчилиги ҳамроҳлигида нарпайлик жамоат арбоби Бектош Раҳимов, туманнинг собиқ биринчи раҳбарлари Нормамат Эсонов, Иноят Туропов, Акбар Жамилов, Суюн Раззоқов, Абдуҳамид Шукруллаев ва моҳир педагог Раҳмон Мавлоновларнинг хонадонларида бўлиб, марҳумлар ҳаққига Қуръон тиловат қилинди.
Шунингдек, Усмон Шарипов, Нормамат Тошматовлар ҳолидан хабар олиб, байрам билан муборакбод этди.
- Юртимиз равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилганларнинг хотираси унутилмайди, - дейди Шерзод Раҳмонов. - Уларнинг эзгу ишларини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Янги Ўзбекистонда бугун ёш кадрларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани бизга куч беради.
Шу куни туман маркази Оқтош шаҳрида баландлиги 50 метр, эни 12, бўйи 6 метрдан иборат бўлган давлатимиз байроғи ҳам ўрнатилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирдан кейин Оқтош шаҳри кўчалари ва туман бўйлаб Ўзбекистон рамзи ўрнатилган автомашиналар карвони ҳаракатланди.