Самарқанднинг таниқли ҳажвчиси 65 ёшга тўлди
Абдураззоқ Обрўй - ҳажвчи, шоир ва ёзувчи. 1956 йил 20 августда Паст Дарғом туманида туғилган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Муштум” журналида, “Ватанпарвар” газетасида хизмат қилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Хўплам-тўплам», «Ҳуринг-ҳиринг», «Тухумнинг қудрати», «Аёлнинг қулоғи», «Рухсат беринг шеър ўқийман», «Сен авайла, асра Ўзбекистонни» китоблари нашр этилган.
Абдураззоқ Обрўйнинг қутлуғ 65 ёши билан табриклаймиз, ижодий баркамоллик тилаймиз. Қуйида ҳажвчининг ижод намунасидан ўқийсиз.
***
Хотирани пишитиш
Автобусгами, трамвайгами, метрогами чиқиб олсам бас, кўзим тўрт бўлиб, бўш жой қидираман. Албатта ўтириб олишим керак. Бўлмаса иш чатоқ. Кимдир оёғимни босади, кимдир тирсагини қорнимга тирайди, кимдир туртиб юборади. Хуллас, йўл азоби - гўр азоби. Ўтириб олгач, кўнглим жойига тушади. Чўнтагимдан газет олиб ўқишга ёки кўзимни чирт юмиб олиб хаёл суришга тушаман. Биттаси хотира мустаҳкамлаш йўлини ўргатган. Мана бунақа: Раъно деб, бир дейман, кейин Раъно деб икки… шу тартибда ўттиз уч марта санайман. Санаб бўлгач, Дилбарга ўтаман. Ундан сўнг Санамга, Шаҳлога. Бу усул жуда фойдали экан. Мия бир тартибда ишлашга ўрганиб, хотира пишиб борар экан.
Кунларнинг бирида, бир автобусга чиқиб қолибман. Бахтни қаранг, бўш жой бор экан. Дарҳол ўтириб олдим. Қўлимда ўқийдиган ҳеч вақо йўқ. Хотира пишитиш машқини бошлаб юбордим. Кўзни юмиб, санамларни санай бошладим. Саноққа берилиб, кўз қурғур сағал илинибди. Елкам аралаш бўйнимга бир нарса «ширқ» этиб тушди. Кўзим очилиб, хаёлим қочиб кетди. Қаршимда бир чол, қўлида ҳасса:
- Энангни уйими бу, хуррак отиб ухлайсан?! Қариларга жой берсанг ўласанми?! - деди жаҳл билан.
Шундан буён автобусгами, трамвайгами, метрогами чиқсам, дарров ўша воқеа эсимга тушади. Хотирам пишган-да.