СамДЧТИ вакиллари халқаро анжуманда иштирок этди

Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари – халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлими, инновацион таълим технологиялари ва методика кафедраси, инглиз тили лексикологияси ва стилистикаси кафедраси ўқитувчилари Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган халқаро тадбирларда иштирок этди.
Дастлаб институт вакиллари Абу-Даби университетида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро барқарорлик етакчилари (First International Sustainability Leaders Meeting) учрашувида қатнашди. Ушбу анжуман дунё миқёсидаги етакчи университетлар, таълим мутахассислари ва олий таълимда барқарорлик масалалари бўйича экспертларни бир жойга жамлаб, олий таълим муассасаларида барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этишнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилишга бағишланди.
Абу-Даби университети ва UI GreenMetric рейтинги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир давомида таълим тизимига экологик онгни сингдириш, барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. СамДЧТИ вакиллари анжуман давомида Абу-Даби университетининг барқарор ривожланиш стратегиялари, таълим жараёнларидаги инновацион технологиялар, моддий-техник базаси ва талабалар шаҳарчаларини ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Бундан ташқари, институт вакиллари UI GreenMetric рейтингида иштирок этаётган университетлар вакиллари билан учрашиб, рейтинг кўрсаткичларини ошириш, экологик жиҳатдан қулай таълим шароитларини яратиш ва халқаро тажриба алмашиш бўйича музокаралар олиб борди. Институтнинг халқаро рейтинглар билан ишлаш бўлими бошлиғи Жавоҳирхон Насруллаев UI GreenMetric рейтинги, ҚС ташкилоти ҳамда Абу-Даби университети раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиб, таълим сифати ва халқаро кўрсаткичларни ошириш бўйича амалий келишувларга эришди.
Анжуман якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди ва ушбу халқаро форумдан олинган тажриба СамДЧТИ учун халқаро таълим майдонида барқарорлик бўйича келгусидаги стратегияларни ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Абу-Даби университетидаги анжумандан сўнг, институт вакиллари Дубай шаҳрида жойлашган нуфузли мактабгача таълим муассасаси – Raffles Early Childhood Centre’да бўлишди. Институт вакиллари мактабгача таълим тизимининг долзарб жиҳатлари, инновацион ўқув методикаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича фикр алмашдилар. Учрашув давомида томонлар мактабгача таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиб, қўшма лойиҳалар тайёрлаш ва тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ташриф якунида томонлар узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорлик натижасида институт ўқитувчилари Raffles Early Childhood Centre тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўлади ва Ўзбекистонда мактабгача таълим сифатини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Учрашув давомида олинган билим ва тажриба институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун янги имкониятлар яратиб, халқаро таълим майдонида янада юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Адиба ЭШДАВЛАТОВА,
Наргиза БАХРИЛЛОЕВА,
Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили лексикологияси ва стилистикаси кафедраси ўқитувчилари.