Университет биология факультети ҳовлисида ноёб дарахт кесиб ташлангани тасдиқланди
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабарига кўра, Самарқанд давлат университети биология факультети ҳовли қисмида дарахт кесилаётгани ҳақда бошқармага хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Самарқанд шаҳар инспексияси давлат инспекторлари, вилоят ИИБ, миллий гвардия ходимлари воқеа жойига боришган.
“Ўрганиш натижасига кўра, ҳақиқатда ҳам Самарқанд шаҳар Университет хиёбони кўчаси 13-уйда жойлашган Самарқанд давлат университети биология факультети ҳовлисида қурилиш ишлари олиб борилиши жараёнида диаметри 57 сантиметр бўлган бир туп япон сафораси дарахти ноқонуний тарзда томир қисми билан йиқитиб олинганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд давлат университети масъул шахси М.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (2 миллион 700 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилди ва ўсимлик дунёсига етказилган 14 миллион 175 минг сўм моддий зарар ҳисобланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди”, дейилади вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабарида.