СамДУ Каттақўрғон филиали қизил тоифадаги мактабларни ривожлантиришга кўмаклашади

Каттақўрғон туманида бугунги кунда 106 та мактаб бўлиб, 2023-2024 ўқув йили якунига кўра ушбу мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларига кўра, қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилди. 

Тумандаги 12 та мактаб қизил тоифага тушиб қолди ва вилоят ҳокимининг тегишли йиғилиш баёнига мувофиқ, ушбу мактабларда таълим-тарбия жараёнларини ривожлантириш, ўқитувчилар ҳамда ўқувчилар билан тизимли ишлар олиб боришга кўмаклашиш учун СамДУнинг Каттақўрғон филиалига бириктирилди.

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Каттақўрғон тумани ҳокимлигида филиал директори Ш.Ураков раҳбарлигидаги масъуллар, туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, ички ишлар, миллий гвардия раҳбарлари ҳамда қизил тоифадаги мактабларнинг директорлари иштирокида таълим муассасаларидаги ҳолат муҳокама қилинди.

Мактабларни 2023-2024 ўқув йилида битирган ўқувчиларнинг ОТМга кириш ҳолати, кутубхона шароитлари, ўқитувчилар малака ва тажрибаси бўйича филиал вакиллари томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилди. 

Йиғилишда муаммолар таҳлил қилиниб, филиал томонидан ушбу мактабларда ўқитувчиларига амалий ёрдам кўрсатиш, фанлардан илғор мутахассисларни жалб қилган ҳолда самарадорликка эришиш бўйича аниқ мақсадлар белгиланди.

СамДУ Каттақўрғон филиали ахборот хизмати.