СамДУда Муҳандислик физикаси институти очилди
Бугун Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти очилди. Мазкур институт Республика Президентининг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди.
Муҳандислик физикаси институтида 7 таълим йўналиши бўйича 937 нафар бакалавр, 5 таълим йўналиши бўйича 57 нафар магистр таҳсил олмоқда. Шунингдек, 8 та ихтисослик бўйича 40 нафар докторант тадқиқот олиб бормоқда.
Институтда электромагнитизм, оптика ва спектроскопия, молекуляр люминисенсия, лазер физикаси, қаттиқ жисмлар физикаси, ядро физикаси, космик нурлар физикаси илмий мактаблари фаолият кўрсатмоқда.
- Мамлакатлар физиканинг энди ривожланаётган йўналишларидаги мавжуд имкониятларини бирлаштирса, муваффақиятга эришиши ҳам осон бўлади, - деди АҚШнинг Далласдаги Техас университети қошидаги Нанотехнология институти директори ўринбосари Анвар Зоҳидов. - Бу борада халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ўзбекистонда бугун шу каби институтларга эҳтиёж катта деб ўйлайман. Муҳандислик физикаси институти бу йўлда дастлабки қадам бўлди. Салобатли бино, барча замонавий жиҳозларга эга лабораторияларни кўриб, Ўзбекистонда бугун илм-фан инқилоби юз бермоқда, дейиш мумкин.
Институтда 6 кафедра мавжуд бўлиб, илмий салоҳият 74 фоизни ташкил қилади. Унда 1 нафар академик, 17 фан доктори, профессор, 35 нафар фан номзодлари билан бирга 10 нафар хорижий профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда.
Айни вақтда 22 та ўқув ва 5 та илмий лабораторияларда тадқиқот олиб борилмоқда. Илмий лабораториялар: материалшунослик, молекуляр спектроскопия, молекуляр люминэссенция, квант электроника ва ночизиқли оптикадан иборат.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.