СамДУда PhD. диссертацияси илк бор онлайн тарзда ҳимоя қилинди
Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий қилинган карантин шароитида изланувчилар ва мутахассисларнинг соғлиғини асраш, ортиқча ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2020 йил 13 майда 278/3-сон қарорига мувофиқ, аттестация жараёнини самарали амалга ошириш мақсадида илмий даражалар берувчи Илмий кенгашларга карантин талабларига қатъий риоя килган ҳолда тажриба-синов тариқасида диссертациялар ҳимоясини онлайн (масофавий) шаклда ўтказиш юклатилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 5 июнь куни Самарқанд давлат университетида илк бор PhD. 03/30.12. 2019. Tar.02.10 рақамли Илмий кенгаш навбатдаги мажлисини онлайн шаклда ўтказди. Мазкур кенгашда 07.00.01– “Ўзбекистон тарихи” ихтисослиги бўйича тадқиқотчи Суннатулло Муҳиддиновнинг “XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Самарқанд вилояти маорифи” мавзусидаги PhD диссертацияси онлайн шаклда муваффақиятли ҳимоя қилинди.
Диссертациянинг онлайн ҳимоясида талабгор, илмий раҳбар, расмий оппонентлар ва илмий кенгаш аъзолари ўзлари фаолият олиб бораётган ОТМ (СамДУ, БухДУ, ҚарДУ, ТерДУ, ТДШИ)да туриб иштирок этди. Ҳимоя куни талабгорга яширин овоз бериш Бош илмий-методик маркази платформаси (http://himoya.bimm.uz) орқали амалга оширилди.
Бундан кейин ҳам Илмий кенгаш республика фан ва технологиялар ривожланишининг устувор йўналиши доирасида бажарилган диссертация ишлари ҳимоясини онлайн шаклда ўтказишда карантин талаблари ва низомлар тартиб-қоидаларига, жумладан, ОАК қарорида келтирилган диссертациялар ҳимоясини онлайн (масофавий) шаклда ўтказиш бўйича тавсияларга риоя қилган ҳолда, ўз фаолиятини самарали давом эттиради.
Ушбу кенгаш қошидаги илмий семинарда 2020 йил июнь ойида 3 та диссертация ишларини дастлабки онлайн муҳокамадан ўтказиш режалаштирилган. Бунинг натижасида кенгаш ёз ойларида ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, диссертациялар ҳимоясини онлайн шаклда ташкил этади.
Гўзал НОРМУРОДОВА,
СамДУ Илмий кенгаши котиби.