СамДУда Самарқанд тарихи чуқур ўрганилади
Самарқанд давлат университетида Самарқанд тарихини ўрганиш, шаҳарнинг ривожланиш хусусиятларини очиб бериш, ҳар бир тарихий даврини илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш мақсадида “Самарқанд тамаддуни тарихи” кафедраси ташкил этилди.
- «Ер юзининг сайқали», «Мусулмон оламининг қимматли гавҳари», «Ер юзининг порлоқ нуқтаси», «Шарқ Рими», «Шарқ жаннати», «Суғднинг машҳур бозори» деб таърифланган Самарқанд шаҳри жаҳон цивилизациясининг қадимги марказларидан бири бўлиб, бутун дунё маданияти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган, - дейди ушбу кафедра мудири С.Муҳиддинов. – Шу жиҳатдан университетда Самарқанднинг энг қадимий давридан ҳозирги кунгача бўлган тарихини соҳавий, даврий нуқтаи назардан тўлиқ очиб бериш мақсадида араб, форс ва туркий тилларини мукаммал биладиган мутахассислар тайёрлашга, тарихчи мутахассисларининг назарий билимларни амалиёт билан боғлашга, Самарқанд тарихини халқаро даражада обрў-эътиборини янада юксалтириш ва чет элликларнинг қизиқиш ҳамда интилишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қилинмоқда.
Шу мақсадларга эришиш учун кафедранинг фаолияти Самарқанд тарихини комплекс тарзда холисона ёритиш, илмий муомалага киритилмаган қўлёзма ва тошбосма шаклидаги манбаларни ўрганиш, Зарафшон воҳаси археологияси, этнографияси, топономикаси, нумизматикаси, эпиграфикаси, ўлкашунослиги, маданияти ва меъморчилиги каби соҳаларни янада чуқурроқ тадқиқ этишдан иборат.
Шунингдек, Самарқанд тарихига оид хорижнинг илмий марказларида олиб борилган барча тадқиқотлар ва адабиётлар каталогини яратиш мақсад қилинган. Ўзбекистон миллий давлатчилигининг вужудга келиши, тараққий топишини тадқиқ этиш, илм-фан, таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар билан интеграцияси механизмларини мустаҳкамлаш ва ёшларда Самарқанд тарихи ҳақидаги чуқур билимларни шакллантириш кафедранинг олдига қўйган мақсадларидан ҳисобланади.