СамДУнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети, Тойлоқ агротехнологиялар ва Жомбой педагогика техникумлари ташкил этилди

Бугун Самарқанд давлат университети кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда университетда янгидан ташкил этиладиган факультет ва кафедралар ҳамда улар фаолиятининг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан белгиланган устувор йўналишлар ва “Самарқанд давлат университетида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш бўйича 2020 йил учун йўл харитаси”да белгиланган вазифалар асосида университет тузилмасига айрим ўзгартиришлар киритилди. Яъни, университет кенгашининг қарори билан университетда 3 та факультет, 7 та мутахассислик кафедралари ва битта марказ ташкил этилди. Жумладан, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида аграр соҳани янада ривожлантириш муҳим ва долзарблиги, минтақамизда соҳа мутахассисларига бўлган талаб ҳамда эҳтиёжнинг юқорилигидан келиб чиққан ҳолда “Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги” факультети фаолияти йўлга қўйилади.

- Мамлакатимизда аграр тармоқни ривожлантириш, соҳа учун етук мутахассислар тайёрлаш Президентимиз томонидан қўйилган долзарб вазифалардан биридир, - деди СамДУ ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмурадов. – Чунки бу соҳада илм, инновация, технология ҳамда тажриба борасида савияли мутахассис-кадрларга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори. Катта салоҳиятга эга университетда бундай факультетнинг очилиши зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ташкил этилаётган факультетда деҳқончилик маданиятини юксалтириш, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш кўникмасига эга замонавий-агроном кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, университетда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида “Ҳуқуқшунослик” ва сиртқи таълим шаклида таълимни янада самарали ташкил этиш учун “Сиртқи таълим” факультетлари ташкил этилди. Мазкур факультетларда 2020-2021 ўқув йилидан “Фуқаролик жамияти ва миллий ғоя”, “Ҳуқуқшунослик ва ҳуқуқ таълими”, “Иқтисодиёт ва менежмент”, “Агрокимё ва ўсимликларни ҳимоя қилиш”, “Мева-узумчилик ва сабзавотчилик”, “Тупроқшунослик ва агротехнологиялар” кафедралари ва “Масофавий таълим” маркази фаолият кўрсата бошлайди.

Шунингдек, янги ўқув йилидан Самарқанд давлат университети ҳузурида Тойлоқ агротехнологиялар ва Жомбой педагогик техникумлари  ташкил этилди.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.