Самога учган бургутлар: Нега 11 август куни «Пахтакор»нинг 17 нафар ўйинчиси самолётда ҳалокатга учраганди?
Ўзбек футболи ифтихори - “Пахтакор” жамоаси аъзолари Украина осмонида ҳалокатга учраганлиги бутун ўзбек халқ учун катта йўқотишга айланганди.
1979 йилнинг 11 августида Тошкент-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти 8400 метр баландликда шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди. Фожиада икки самолётда бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат юлдузли таркиби ҳам бўлганди. Афсуски, икки диспетчернинг хатоси туфайли шунча инсон ҳаёт билан видолашди.
Авиадиспетчерлар Н.Жуковский ва В.Сумскойнинг машъум хатоси бутун бир халқнинг фожиасига олиб келган. Бир вақтда алоқада бўлган бир неча самолётдан қайси бири улар тарафидан берилган буйруқни бажарганини сўраб олишни унутишган. Ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни эсдан чиқариб, авиаҳалокатга сабаб бўлишган.
Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. «Пахтакор» учаётган лайнер бошқаруви 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турилган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.
Судда диспетчерлар устидан умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилган.
Ушбу ҳалокатдан жуда кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган. Чунки ўша мавсумда «Пахтакор» ишончли ўйин кўрсатиб, юқори ўринлардан жой эгаллашга ҳақли эканлигини исботлаб келаётганди. Ҳатто, баъзи мутахассислар жамоанинг яқин йиллар ичида Еврокубокларда ўйнаши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилаётганди. Фожиа оқибатида нафақат кўплаб инсонлар ҳалок бўлди, балки бу ўзбек футболининг ривожланишига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва жамоа аъзоларининг рўйхати:
Идгай Тазетдинов 13.01.1933 - мураббий
Владимир Чумаков 08.12.1932 - шифокор
Мансур Толибжонов 04.04.1944 - маъмур
Михаил Ан 19.11.1952 - ярим ҳимоячи
Владимир Фёдоров 05.01.1956 - ҳужумчи
Олим Аширов 25.01.1955 - ҳимоячи
Равиль Агишев 14.03.1959 - ҳимоячи
Константин Баканов 25.05.1954 - ярим ҳимоячи
Юрий Загуменних 07.06.1947 - ҳимоячи
Александр Корчёнов 04.05.1949 - ярим ҳимоячи
Николай Куликов 25.04.1953 - ҳимоячи
Владимир Макаров 09.03.1947 - ярим ҳимоячи
Сергей Покатилов 20.12.1950 - дарвозабон
Виктор Чуркин 25.01.1952 - ҳужумчи
Сирожиддин Бозоров 10.08.1961 - ҳужумчи
Шуҳрат Эшбўтаев 08.02.1959 - ҳужумчи
Владимир Собиров 14.01.1958 - ҳужумчи
Тез фурсат ичида «Пахтакор»га бошқа жамоалардан футболчилар чақирилиб, жамоа мавсумни давом эттирди. Уч мавсум мобайнида жамоага олий лигадан тушиб кетмаслик имконияти тақдим этилди. Ўша машъум ҳалокат туфайли кўп минг сонли ишқибозлар футболдан бутунлай кўнгил узишди.
Ҳар йили 11 августда ўзбек футболи тарихида ўчмас из қолдирган «Пахтакор»-79 ни эслаймиз. Биз ўша «Пахтакор»ни ҳеч қачон унутмаймиз. Самода ҳалок бўлган 17 нафар қаҳрамонлар доимо биз билан бирга!
Дилмурод ТЎХТАЕВ.