СамТИ талабалари ректорга магистратура ва клиник ординатуранинг янги мутахассисликларини очиш таклифини билдирди
Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Азамат Шамсиев битирувчи талабалар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ректор талабаларга институтда олий тиббий маълумот олиш учун яратилган имкониятлар, хусусан, жорий этилган ўқув жараёнининг кредит-модулли ташкил этилиши, таълим ресурслари ва моддий-техник базаси, талабалар билимини холисона баҳолашнинг шаффоф механизмлари мавжудлиги ҳақида гапирди.
- Кейинги икки йил ичида институт 4 та қўшма таълим дастури - магистратура, клиник ординатура мутахассисликлари бўйича Россия Федерациясининг Астрахань давлат медицина университети, Ижевск давлат медицина академияси, Киров давлат медицина университети, Корея Республикасининг Сеулдаги “Пушкин уйи” маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, - деди А.Шамсиев. - Хорижий ҳамкор университетлар билан халқаро тажрибалар яқин келажакда ўз самарасини беради.
Очиқ суҳбат тарзида бўлиб ўтган учрашувда талабалар ректорга магистратура ва клиник ординатуранинг янги мутахассисликларини очиш ҳақида савол ва таклифлар берди.
Одилбек АҲМЕДОВ.