СамВМИ профессор-ўқитувчилари Туркманистон қишлоқ хўжалик институтининг халқаро сертификатини қўлга киритди

Самарқанд ветеринария медицинаси институти айни кунда дунёнинг 90 га яқин олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади.

Институт халқаро ҳамкорлик бўлими ташаббуси билан ноябрь ойида институт профессор-ўқитувчилари томонидан Туркманистонда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олийгоҳлар талабалари учун очиқ маъруза дарслари ташкил қилинди. Онлайн тарзда ўтган машғулотларда ҳар иккала мамлакатнинг ветеринария соҳаси мутахассислари, ёш тадқиқотчилар, мустақил изланувчилар, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, талаба ёшлар иштирок этди.

Вебинарда ветеринария соҳасининг бугунги долзарб муаммолари, уларни бартараф этишнинг янги ва замонавий усуллари, кейинги йилларда чорва молларида қайд этилаётган касалликлар ва уларни даволаш йўллари хусусида маълумот берилди.

 - Бу каби ҳамкорлик томонлар учун жуда фойдали, - дейди институт халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ирода Бўтаева. - Вазият тақозосига кўра, машғулотлар масофавий тарзда ўтказилмоқда. Биз келгусида профессор-ўқитувчиларни маъруза ўқиш учун хорижий таълим муассасаларига юборамиз. Улар бизга ўз мутахассисларини жўнатади. Шунингдек, талабалар ҳам бу имкониятлардан фойдаланишлари мумкин. Алмашинув дастурлари институтнинг илмий нуфузини кўтаришга ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга кўмак беради.

Туркман талабаларига дарс берган институт профессорлари Б.Бакиров, А.Абдурасулов ҳамда доцент Б.Яҳёевлар Туркманистон қишлоқ хўжалик институтининг халқаро сертификатини қўлга киритди.

СамВМИ ахборот хизмати.