Саратонга даво топишни мақсад қилган қиз

2023-2024 ўқув йилида вилоятимиздаги мавжуд 1248 та мактабни 47 минг 728 нафар йигит-қиз тамомлади. Битирувчиларнинг 21 минг 599 нафари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

11 минг 29 нафари давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Уларнинг 2494 нафари грант, 8535 нафари контракт асосида таълим олади. 6466 нафар битирувчи мамлакатимиздаги нодавлат ва хорижий олий ўқув юртларига кирган.

Биз талаба бўлган ёшлардан бири Жонона Раимбердиева билан суҳбатлашдик.
У Каттақўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олди.

Самарқанд давлат тиббиёт университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим, - дейди Жонона Райимбердиева. – Бу муваффақиятга эришиш осон бўлмади. Ота-онамнинг яратиб берган имконияти, айниқса бувимнинг эътибори, устозларимнинг берган таълими, тинимсиз ҳаракат, ўқиш, изланиш самараси бу. Болалигимдаги орзуим шифокор бўлиш эди. Қишлоғимизда бир неча киши саратон касаллигига чалиниб, гўдакларини етим қолдириб, бу дунёни тарк этди. Уларни кўриб кўнглим эзиларди. Наҳотки, шу касалликнинг давосини топиш қийин бўлса, деб ўйланиб қолардим.
Жонона оддий оила фарзанди. Онаси уй бекаси, отаси оддий ишчи.

Онаси тарбия, отаси қўшимча тўгараклар учун маблағ берди, - дейди Жононанинг бувиси. - Агар шу йил ўқишга киролмаса, ота-онаси уни турмушга чиқариши тайин эди. Мен бунга қарши эдим ва неварамнинг ўқишга киришини тилаб, дуолар қилдим. Жойи келганда, масалан, имтиҳонга тайёргарлик жараёнида шунчаки устозлари синовидан яхши ўтолмаган пайтларда, ота-онасининг жаҳли чиқиб, ўқитиш мақсадидан қайтиб, пул бермаган пайтларда ўзим пенсиямдан бериб турдим. Шукурки, бугун ҳаммамизнинг ишончимизни оқлаб турибди.

Жонона Райимбердиеванинг орзулари улкан. У магистратурани Тошкент тиббиёт академиясида ўқишни режалаштирган. Хорижга бориб, тажриба орттириш нияти ҳам йўқ эмас. Хуллас, ўқиб-изланиб, давоси топилмаётган касалликларга даво топишни мақсад қилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.