Сахий одам кимга яхшилик қилади: бировгами ёки ўзига?

Сахийлик инсон шахсиятининг олижаноб фазилатларидан бири. Ўзгаларнинг қайғусига нафақат сўзда, балки амалда ҳам шерик бўлиш, моддий жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиш ва руҳий қўллаб қувватлаш, инсонга ўз табиати яхлитлигини ҳис қилиш имконини беради. Чунки маънавий тузилишсиз бизнинг моддий ҳаётимиз маъносиз бўлиб қолади.

Илмий тадқиқотлар очиққўллик нафақат инсоннинг руҳи, балки унинг танаси учун ҳам фойдали эканлигини кўрсатди.

Сахийлик кайфиятни яхшилайди

Буюк Британиялик олимлар саховатли ҳаракатлар нафақат ёрдам олганларнинг, балки уларгағамхўрлик кўрсатадиганларнинг ҳам кайфиятини яхшилайди, деган хулосага келди.

Маълум бўлишича, бошқаларга беғараз моддий ёрдам қилиш инсон миясидаги мукофот ҳисси учун масъул бўлган мезолимбик минтақани фаоллаштирар экан. Шу сабабли бировга яхшилик қилган киши қувонч каби энергетик тўлқин ва қониқишни ҳис қилади, завқ келтирадиган гормонал ўзгаришларни бошдан кечиради.

Гап шундаки, кимгадир ҳамдард бўлиш орқали биз ўзимизни кучлироқ “деб биламиз”, яъни ўзимизга бўлган ишончимиз ортади. Шу туфайли бўлса керак, ҳатто ўз ҳаётимизда учрайдиган қийин вазиятларни муваффақиятли енгиб ўтамиз.

Сахийлик муносабатларни мустаҳкамлайди

Эр-хотинлар ўртасида ўтказилган сўровлар бир-бирларини совғалар, кутилмаган ҳодисалар билан хурсанд қилиб турадиган оилалар умр йўлдошларига беэътибор ва жонкуярлик белгиларини унутиб қўйган жуфтликларга қараганда анча бахтлироқ яшашини кўрсатди.

Сахийлик никоҳни мустаҳкам сақлайдиганкалитдир. У муносабатлардаги ҳар бир киши фақат ўзининг қулайлиги ва фойдаси ҳақида ўйлайдиганхудбинликка қарши курашда ёрдам беради.

Сахийлик муваффақиятга етаклайди

Америкалик олимлар томонидан иштирокчилариўйин давомида муайян хатти-ҳаракатларга риоя қилишлари сўралган стол ўйинлари уюштирилди.

Тажриба натижалари ўйин давомида бошқаларга бажонидил ёрдам берган ва ўз ютуғини баҳам кўрган иштирокчилар тез-тез ғолиблар қаторидан жой олганини кўрсатди. Бошқаларни ўйламай, фақат ўз манфаатини кўзлаган бошқа иштирокчилар тезда мағлуб бўлиб, ўйиндан чиқиб кетишди.

Сахий одам бошқаларга қараганда кўпроқ яшайди

Ўтказилган тадқиқотлар олийҳиммат одамлар эрта ўлим хавфига камроқ учрашини аниқлади.

Бу боғлиқлик олимлар иштирокчиларга пул бериб, сўнг улардан пулнинг бир қисмини хайрия ишларига беришни сўраб ўтказган тажриба орқалитасдиқланди. Шу билан бирга, субъектларнинг қонидаги кортизол (стресс гормони) даражаси ўлчанди.

Шунда хайрияга осонлик билан пул берган одамлар ҳеч қандай стрессни бошдан кечирмагани, аксинча, хайрли иши улар кайфиятини кўтаргани маълум бўлди.

Эҳсон қилишдан воз кечган бошқа иштирокчилар ҳақиқий стрессни бошдан кечирди, уларнинг қонидаги кортизол даражаси сезиларли даражада ошиб, ўз эгасини “сотиб” қўйди. Бу иштирокчиларга ўзларининг зиқналиклари ҳақидаги фикр ноқулайлик туғдирган бўлиши эҳтимоли катта, чунки уларга ёрдам бериш имкониберилди, лекин улар бундай ҳотамтойликни эплай олмади.

Сахий ва фидойи бўлиш орқали бу дунёни ўзгартириш мумкин. Зеро, меҳрибон ва саховатпеша инсонларнинг қилган ишлари туфайли дунё обод бўлади. Жамиятда юраги бошқаларнинг дардига ўзиникидек жавоб берадиган шундай инсонлар бор экан, эртанги кундан умидимиз катта.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.