Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни тақозо қилмоқда
Аҳолининг сиёсий хабардорлигини ошириш учун бу гал «Адолат» социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Ҳиммат Оқбўтаевга мурожаат қилдик.
Таҳлил, таққос бўлиши учун партия раисларига аввал берилган саволлар бу гал ҳам айнан такрорланди. Яъни, Ҳиммат Қўчқорович билан мулоқотимиз ҳам анъанавий тарзда бўлди.
- Вилоятимизда 500 нафарга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
- Бугун халқ вакили бўлиб сайланган маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамон халқ ишончини тўла қозона олгани йўқ. Тўғри, ўз ваколатларини англаб, ундан фойдалана олаётган депутатлар талайгина, аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзи жойларда сайловчилар ҳали-ҳануз депутат деганда, сайловлар вақти ваъда бериб, кейин йўқ бўлиб қоладиган шахсларни тушунишаётгани бор гап.
Бунга сабаб маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўла англаб етмаганлиги ҳамда асосий иш жойидан ортиб, депутатлик фаолияти учун етарлича вақт тополмаслиги деб ўйлайман.
Яна бир бор таъкидлаб айтаманки, ҳамма гап депутат ўз ҳақ-ҳуқуқларини, қонунчиликдаги ваколатларини билмаслигида. Виждонан вазифасини бажара олмаслигини сезса-да, ўз ўрнини бўшатиб қўймаслигида. Қайсидир ташкилот раҳбари депутат бўлиб олиб, неча йилдан бери бир туманда ёки шаҳарда ишлаб келаётган бошқа бир ташкилот раҳбари олдига вазифа қўя олмаслигида.
- Бундан ташқари, вакиллик органига унинг номзодини қайсидир партия кўрсатган бўлишига қарамай, айрим депутатлар ҳатто ўша сиёсий тузилма билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмайди. Шундай бўлишига қарамасдан, бугунги кунгача бирор депутат чақириб олинган эмас. Нима деб ўйлайсиз, вакиллик органларига мустақиллик берилаётган бир пайтда бу институтни ишлатиш айни муддао бўлмайдими?
- Сиртдан қараганда шундай кўринади. Аслида бундай эмас. Депутат ва уни номзод сифатида кўрсатган сиёсий партия ўртасида узвий ҳамкорлик доимо бўлади.
Чунки депутатлар иштирокида ҳал этиладиган вазифалар бўлади, иш режалар бор ва уларни ижро қилиш керак, депутатлар депутатлик фаолияти ҳақида ҳисоботларини партия ҳудудий ва маҳаллий кенгашларига тақдим этиб боради.
«Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасида депутатни чақириб олиш асослари белгиланган ва шундай асослардан бири депутатнинг уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ҳисобланади.
Демак, агар депутат унинг номзодини кўрсатган сиёсий партия олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаса ёки бошқача қилиб айтганда, ҳамкорликни тўхтатса, ўша депутатни чақириб олиш мумкин.
Бугунги депутат аввалги депутатдан тубдан фарқ қилади. Сабаби, бугун депутатларга катта имтиёз ва йўналишлар берилди. Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партия депутатларининг ўрни жуда катта.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларни қамраб олган кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Демак, депутат партия билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши зарур ва шарт.
- Умуман, жорий йилги сайловлар ўтган сафаргилардан тубдан фарқ қилиши табиий. Можаритар сайлов, ҳокимлар энди маҳаллий кенгашларга раис бўлмаслиги каби кўплаб омиллар бунга сабаб бўлиши шубҳасиз. Бундай шароитда партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят Кенгаши сиёсий имтиҳонларга қай даражада тайёргарлик кўрмоқда?
- Ёқубжон, тўғри таъкидладингиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби жамиятда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли
ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қозонишимиз, уларнинг қалбидан жой олишимиз керак. Ҳозирги кунда мамлакатимиз сиёсий партиялари катта сиёсий ва ғоявий тажриба орттирдилар, ички ва ташқи сиёсат масалалари бўйича ўз позицияларини аниқлаб олдилар, бугун уларнинг дастурлари бир-биридан фарқ қилади, сиёсий партиялар орасида эса соғлом рақобат кузатилмоқда.
Бу ислоҳотлар сиёсий партиялар, шу жумладан, «Адолат» социал-демократик партиясининг вилоят кенгаши олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўяди. Бу эса биздан нафақат дастурий ва сайловолди партиялараро курашнинг шакл, усул ва услубларини ташкиллаштириш, балки энг муҳими, электоратни кўпроқ ташвишлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш борасида конкрет, аниқ ҳаракатларни талаб этади.
Можаритар сайлов тизимидан аралаш сайлов тизимига ўтилиши партиялар учун айни муддао бўлди. Чунки энди сайловчилар номзодга ва партияга тўғридан-тўғри овоз бериши партияларнинг жамиятдаги ўрни ва роли мустаҳкамланишига бевосита таъсир ўтказади. Шу сабаб «Адолат» СДП вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга ҳар тарафлама мукаммал режа асосида тайёргарлик кўрмоқда.
Партиямизнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳудудлар кесимида олий таълимда илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, тиббиёт соҳасида, хусусан, аҳоли саломатлиги ва дори воситаларининг нархларини белгилаш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича жамоатчилик назорати ўтказилиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу каби ишлар натижасида 2019 йилдаги сайловлар арафасида партия аъзолари 52846 нафарни ташкил этиб, 672 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган бўлса, бугунги кунда БПТ сони 917 та, партия аъзолари сони қарийб 112 минг нафарга етди.
Бундан ташқари, партиянинг 30 га яқин лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ошиб бормоқда. Жумладан, ҳафтанинг ҳар чоршанба куни амалга ошириладиган «Муаммо билан юзма-юз», ҳар сешанба куни «Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш - демократик жамият пойдевори», шунингдек, «Бир ойда бир иш ўрни», «Бир адолатчи 100 аёлга ҳимоячи», «Ватан келажаги ёшлар қўлида», «Саховат беназир қадрият» каби лойиҳалар юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳими, «адолат»чилар сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли таъминлаш, аҳоли, электорат муаммоларига ечим топиш, жорий сайловлар йилида зиммамиздаги масъулият янада ошганлигини эътиборга олиб, сиёсий жараёнда ижобий натижага эришиш учун фаол иш олиб бориш йўлида зарур чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.
Шунингдек депутатликка номзодлар масаласида халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиб келаётган, жамиятимизда ҳурмат қозонган номзодлар рўйхати шакллантирилмоқда.
Энг аввало, биз депутатликка номзод қилиб кўрсатиладиган шахслар юқори салоҳиятга эга, фидойи бўлиши, масъулиятли ва зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажарадиган бўлишига эътиборни қаратмоқдамиз.
- Сайлов ҳақида гап кетаркан, табиийки, жараёнлар олдидан партиялар беихтиёр фаоллашади. Айтинг-чи, ана шу жўшқинликни сақлаб қолиш мумкинми?
- Тан олиш керакки, жамиятда сиёсий партиялар, айниқса, сайловолди жараёнида фаоллашади деган фикрлар мавжуд. Аммо бундай фикрлаш катта хато деб ўйлайман.
Сабаби, сайловчиларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончи ва эътибори йиллар давомида шаклланади ва тобланади. Шу сабабли сиёсий партиялар ўз фаолиятида маълум бир даврда эмас, балки доимий равишда фаол бўлишга, электорат ишончи, ҳурмати ва эътиборини қозонишга ҳаракатда бўлишади.
Албатта, замон ўзгарди, тафаккур ўзгарди, онг-шуур ўзгарди, ҳаётга, турмуш тарзига муносабат ўзгарди.
Илгари раҳбарлар идорада ўтириб кунини ўтказган бўлса, бугун халқ ичида юриб, уларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишмоқда, муаммоларини ечишга ҳаракат қилмоқда. Энди «озгина вақт ўтса, бу масала ўзи ҳал бўлади», «бу ҳукуматнинг иши», деган қарашлар, «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман», деган эскича кайфиятда тараққиётнинг шиддатли карвонида араванинг орқа ғилдираги тарзида юриб бўлмайди. Ташаббускорлик, интилиш, фидойилик кўрсатмаган, фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишламаган партия бу карвондан ситилиб чиқиб, орқада, чанг ичида қолиб кетади.
Ҳа, енг шимариб, астойдил ишлайдиган вақт аллақачон келган. Ўзгаришлар замони, ислоҳотлар даври биздан шуни талаб қилмоқда. Биз, «адолат»чилар бу чақириққа «лаббай», деб жавоб бера оладиган сиёсий куч эканлигимизни, мамлакатимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлиги, жамиятда қонун устуворлигига эришиш йўлида жипс бўлиб, астойдил хизмат қила оладиган, мавжуд муаммолар ечимини топа оладиган, уларни бартараф эта оладиган партия эканлигимизни амалда исботлаймиз. Бунга эса меҳнат ва яна меҳнат орқали эришилади.
- Яқинда ўтказилган тадбирда партия етакчиларидан бири «Биз сайлов вақти рақобатлашганимиз билан мақсадимиз бир, яъни ҳаммамиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровон бўлишини истаймиз», деди. Бу партия етакчилари ҳам ўзаро рақобатга тайёр эмаслигини кўрсатмайдими?
Биргина сайловолди дастурлар ва электорат ўртасидаги фарқ улар масалалар ечимига турлича ёндашишини тақозо қилади-ку! Шунинг ўзиёқ рақобат сайловдан кейин ҳам давом этишини кўрсатмаяптими?
- Рақобат ҳар доим бўлиши шубҳасиз. Мисол учун, ҳокимнинг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш маҳаллий Кенгашларнинг асосий ваколатларидан бири.
Биргина шу ваколатни амалга оширишда ЎзЛиДеП тадбиркорлар манфаатлари таъминланишига асосий эътибор қаратса, Халқ демократик партияси ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун муносиб шароит бўлиши асосий масала деб билади.
Ёки депутатларнинг маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш ваколатини олайлик. Яъни, ҳар бир партиянинг асосий мақсади вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмушини фаровон қилиш бўлгани билан масалаларга қараш, муносабат турлича бўлиши табиий.
- Партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда нечага баҳолайсиз?
- Аслида партиянинг вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятига ҳақиқий баҳони аҳоли, сайловчилар беради.
Албатта, биргина жорий йил ҳисобида партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида 183 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга, 13 нафар хотин-қизга тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун амалий кўмак берилди. Депутатлар ташаббуси билан 11 километрдан ортиқ йўл таъмирланди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан мунтазам хабар олиниб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг онко-гематология бўлимида даволанаётган бемор болажонларга вилоят ва туман депутатларимиз томонидан бир неча марта ҳомийлик ишлари амалга оширилди.
Агар шартли равишда баҳолайдиган бўлсак, қониқарли, дейиш мумкин ёки сиз айтган тизимда шартли тарзда 8 баллга баҳолаш мумкин. Сабаби, мавжуд имкониятлар тўлиқ сафарбар этилмай қолган ҳолатлар, партия эътиборидан четда қолган, ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина.
- Жамият ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун партия вилоят кенгашининг режалари қандай?
- Тўғри, ўтган йиллар давомида партиямиз ташкилий жиҳатдан ва сиёсий томондан жипслашди, сиёсий майдонда ўз обрў ва эътиборига эга бўлди. Шу ўринда ҳали партиямиз олдида долзарб вазифалар турганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, деб биламан.
Биз илм-фан, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим соҳалари ҳамда коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш каби масалаларда ислоҳотларни давом эттирамиз. Жумладан, тиббиёт соҳасида «Ақлли тиббиёт»ни жорий этиш. Шифохоналарга бюджетдан маблағ ажратилишини даволанган беморлар сони асосида амалга ошириш, маблағларни касалликлар профилактикасига кўпроқ йўналтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, дорилар ҳар бир ҳудудда ҳар хил нархда сотилмоқда. Ёки қалбаки дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва унинг инсонлар саломатлигига зарари ҳаммамизга маълум. Шунинг учун юртимизга кираётган ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир дори воситасининг нархи, ишлаб чиқарувчиси ва бошқа маълумотларни ўзида акс эттирган электрон база яратиш зарур.
Ўтган йиллар давомида партия ўз олдига қўйиб келаётган вазифаларнинг, илгари сураётган таклиф ва ғояларнинг аксарияти давлат дастурлари, қонун ҳужжатларидан ўрин олиб келаётгани бизни қувонтиради, албатта. Шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг партиялар кўтариб чиқаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратаётгани, партияларга ишонч билдираётгани бизга фахр бағишлаши билан бирга зиммамизга улкан масъулият ҳам юкламоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишни истардимки, «Адолат» социал-демократик партияси вилоят кенгаши, унинг депутатлик гуруҳлари ҳамда 112 минг аъзоси бундан буён ҳам «Адолат ҳар бир инсон учун», «Куч – адолатда» каби ҳаётбахш ғоялар ижроси йўлида хизмат қилишда давом этаверади.
- Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Ёқубжон Марқаев суҳбатлашди.