Сайловга оид тартиб-таомиллар: Бу галги жараёнда қандай янгиликлар бор?
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 26 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддаси ва Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ, сайловлар шу йил 27 октябрь, якшанба куни ўтказилади.
Бу йилги сайловлар илгариги сайловлардан бирмунча фарқ қилади. Чунки 2023 йил 30 апрелда умумхалқ овоз бериш, яъни референдум йўли билан қабул қилинган янги Конституциямизда сайлов тизимини такомиллаштиришга ва янада демократлаштиришга қаратилган қатор нормалар мусатаҳкамланди. Жумладан, сайловларни ўтказувчи сайлов комиссиялари тизимда муҳим ўзгаришлар қилинди. Мазкур ўзгаришлар Сайлов кодексининг 11-моддасида мустаҳкамланди. Унга мувофиқ, сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради: Марказий сайлов комиссияси;
ҳудудий сайлов комиссиялари;
туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;
халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;
участка сайлов комиссиялари.
Мухтасар қилиб айтганда, сайлов қонунчилигидаги асосий ўзгаришлар қуйидагиларда ўз ифодасини топди:
Биринчидан, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 80 кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 12–18 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда 5 йил муддатга ҳудудий сайлов комиссиялари тузиладиган бўлди. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечилди ҳамда уларнинг вазифалари ҳудудий сайлов комиссияларига юклатилди. Энди округ сайлов комиссиялари фақатгина халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича тузилади.
Янгиланган Конституциямиз қабул қилинишидан аввалроқ, аниқроғи, 2021 йилда, Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сайловини ўтказиш бўйича ҳам округ сайлов комиссияларини тузиш амалиёти бекор қилинган ва уларнинг вазифаларини бажариш тегишли туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилган эди.
Иккинчидан, сайлов комиссияларининг профессионал тарзда иш олиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача бўлган аъзосининг доимий фаолият юритиши белгиланди.
Учинчидан, сайлов комиссияларини шакллантириш тартибида ҳам ўзгаришлар қилинди. Хусусан, ҳудудий сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари эса ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади (илгари улар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тузилар эди). Шунингдек, округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари ҳам ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади.
Тўртинчидан, сайлов округларини тузишга оид қоидалар такомиллаштирилди. Жумладан, Сайлов кодексида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун тузиладиган сайлов округлари сонининг энг юқори миқдори белгиланган бўлиб, округлар сонининг аниқ миқдори кўрсатилмаган эди. Бугунги кунда Сайлов кодексида маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари тегишли депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилиши, депутатлик ўринлари сони эса аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда аниқ белгилаб қўйилди; сайловчилар рўйхатининг долзарблиги ва аниқлигини доимий равишда таъминлаш мақсадида сайлов округлари ва участкалари ҳар 5 йилда бир марта тузилиши белгиланди.
Бешинчидан, қонунчиликда ҳудудий сайлов комиссияларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. Бунга кўра, ҳудудий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари фаолиятини бошқаради. У халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича сайлов округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради, чегараларини, сайловчилар сони, сайлов округларининг рўйхатини эълон қилади, туман, шаҳар сайлов комиссияларини, шунингдек халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузади ҳамда уларнинг таркиби ва жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади, округ сайлов комиссиялари фаолиятига раҳбарлик қилади.
Олтинчидан, қонунчиликда округ сайлов комиссиясини шакллантириш тартибига оид нормаларга ўзгартишлар киритилди. Бунга кўра, округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тегишли халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда унинг мажлисида муҳокама қилинади ҳамда тегишли вилоят, Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Бунда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашининг округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори икки иш куни ичида ҳудудий сайлов комиссиясига юборилади. Округ сайлов комиссияси ҳудудий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида 70 кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг 6-8 нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиясининг таркиби, жойлашган манзили ва телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотлар ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.
Еттинчидан, республикамизда сайловлар биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказиладиган бўлди. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.
Яна бир эътиборли янгилик, 50+1 ўрнига нисбий кўпчилик тамойили жорий қилинди. Энди номзодлар орасидан энг кўп овоз олгани сайланган ҳисобланади. Бу сайловларда 2-турга эҳтиёж қолдирмайди, ҳар бир овоз учун номзодларнинг курашини келтириб чиқаради ва демократик сайлов жараёнини жонлантиради.
Саккизинчидан, сайлов қонунчилигида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сайлов комиссиялари биносига кириш жойида ногиронлиги бўлган шахслар учун ўриндиқли аравачаларга мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) бўлиши ва улар белгиланган талабларга мос бўлиши кераклиги илгариги қонун нормаларида ҳам назарда тутилган эди. Энди агар бинога киришда нишаб йўлакларини ўрнатиш имкони бўлмаса, кириш жойида “ёрдамга чақириш” тугмаси ўрнатилиши лозимлиги белгиланди ва ҳоказо.
Шундай қилиб, сайлов қонунчилигимизга юқоридаги ва бошқа яна бир қанча ўзгаришлар киритилиб, булар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кафолатлаш, сайлов қонунчилигимизни халқаро стандартларга янада мослаштириш, сайловларнинг асосий иштирокчиси бўлмиш сиёсий партияларнинг ролини оширишга қаратилганлиги билан эътиборли.
Ҳайдарали МУҲАМЕДОВ,
Тошкент давлат юридик университети профессори.