Сайёҳларни жалб этувчи ғайриоддий бинолар
Лойиҳачи ва меъморларнинг тасаввурлари чегара билмайди. Улар томонидан яратилган объектлар таҳсинга лойиқ, кишиларга завқ бағишлайди ва беихтиёр шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига айланади. Бу иншоотларни томоша қилгандан сўнг ҳам кўпчилик уларнинг ҳақиқийлигига ишонмайди. Умумий қабул қилинган андазаларга зид бўлган турли хил шакллардан чексиз фойдаланиш нафақат ҳайратланарли, балки хотирада абадий сақланиб қолади.
Ағдариб қўйилган уй (Польша)
Бу ғайриоддий уй Польшанинг Шимбарк шаҳрида жойлашган. Уни таниқли рассом ва меъмор Д.Чапьевски яратган. Шакли ва номутаносиблигига қарамай уй жуда ҳам барқарор жойлашган. Қурилиш 114 кун давом этди. Қурувчиларнинг ўзи бу уйни қуришга қизиққанликлари сабаб уни ҳайратланарли даражада тез вақтда ва самарали бажаришга ҳаракат қилган.
Уйдаги барча мебель ва безаклар ҳам остин-устун турибди. Ҳаттоки, яқин атрофдаги ўтлар ҳам шу ҳолатда. Уйга кириб, унинг коридорлари ва хоналари бўйлаб юрган сайёҳларнинг таъкидлашича, одам шифтда юришни ўргангани каби туйғу ҳосил қилади.
Саватча уй (АҚШ)
Бу дунёдаги энг ноодатий ва ноанъанавий бино саналади. Ушбу ғалати жойда сават ишлаб чиқарадиган Longaberger компаниясининг офиси жойлашган. Бу объектни қуриш компанияга камида 30 миллион долларга тушди. Шериклари уйнинг эгасини бундай лойиҳани амалга оширишдан воз кечишга чақиришди. Бироқ у таслим бўлмади ва лойиҳадаги ҳеч нарсани ўзгартирмасдан режасини амалга оширди.
Оммавий кутубхона (АҚШ)
Канзас-Ситида жойлашган кутубхона ўзининг дадил дизайни билан бутун дунёга машҳур бўлди. Бино фасади жавонда жаҳон адабиёти дурдоналари жойлашган китоблар шаклида қилинган. Маҳаллий аҳолининг фикрига кўра, агар барча кутубхоналар шу услубда безалса, адабиёт ихлосмандлари кўпайган бўларди. Бу кутубхона шаҳар марказининг ички қисми билан мукаммал уйғунлашди ва ишбилармонлик ҳудудини безади.
Раққоса уй (Чехия)
Прага – қадимги меъморчилик ва замонавий бинолар уйғунлаштирилган шаҳар. Раққоса уй шаҳарнинг ғайриоддий безаги ҳисобланади. У шаҳарнинг марказида Влтава дарёсининг қирғоғида жойлашган. Ушбу уй ёзувчи ва драматург, Чехиянинг биринчи президенти В.Гавель ғоясини мужассам этган. Қурилиш ишлари ўтган асрнинг 90-йилларида амалга оширилди. Муаллиф таниқли рақс жуфтлигининг рақсидан илҳомланиб, рамзий маънода бир томондан эркакни, иккинчида эса этаги шамолда ҳилпираб турган қипча бел аёлни тасвирлайди.
Вена санъат музейи (Австрия)
Ушбу бинонинг яна бир номи – “Уй ҳужум қилмоқда”. Вена санъат музейи тасаввурни ҳаяжонга келтирадиган ноёб иншоотдир. Уйнинг томида устига худди қулаб тушгандай, яна бир уй бор. Бадиий асар Эр Вурмега тегишли. У ўз қиёфасига эга бўлмаган, бир-биридан ҳеч қандай фарқ қилмайдиган ва пойабзал қутиларига ўхшаб тез тарқаладиган замонавий биноларга нисбатан ўз норозилигини билдиради.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.