Сайёр қабул: Ўқитувчи яратган “Универсал ўқув доска” оммалашадиган бўлди

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокими томонидан ўтказилаётган сайёр қабулда нафақат шаҳар аҳолиси, балки вилоятнинг чекка ҳудудларидан ҳам мурожаатчилар келмоқда.

- Олий тоифали математика фани ўқитувчисиман,  - дейди қўшработлик Қобил Мусаев. – Ўқувчилар учун “Универсал ўқув доска” яратганман. Республика миқёсида ўтказилган бир нечта танлов ва кўргазмаларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришдим. 2008 йилгача 200 га яқин шундай доскалар мактабларга оммалаштирилди. Кейинги пайтларда бунга эътибор сусайди.

Ҳоким мурожаат юзасидан ўқув доскасининг қулайликларини диққат билан тинглади ва мутасаддиларга унинг республика мактабларида оммалаштириш учун зарур чоралар кўрилиши бўйича топшириқ берди. Биринчи навбатда, вилоятдаги ихтисослашган давлат умумтаълим мактаблари учун 50 та доскага буюртма берилишини таъкидлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ.