Сайёр қабул: Собиқ ҳарбий уйли бўлди

Паст Дарғом тумани ҳокими Ш.Худойбердиев туман халқ қабулхонасида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди. Қабулда 70 дан зиёд мурожаат тингланди.

Мурожаатлар асосан уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш масалаларига оид бўлиб, аксарияти жойида ўз ечимини топди. Айрим мурожаат эгаларига тушунтириш берилди, айримларига ижобий ечим топиш учун тегишли муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.

Олти қаҳрамон маҳалласида яшовчи Феруза Чориева оилада уч нафар фарзанднинг ёлғиз боқувчиси эканлиги, моддий имконияти етмаётгани сабабли кўп йиллардан буён соғлигини тиклай олмаётгани, уй-жой мулкдорлари ширкатидан ҳам қарздорлиги борлиги ҳақида мурожаат қилди. Унинг қарздорлиги ҳокимлик томонидан ўша жойнинг ўзида тўланиб, соғлиғини тиклаш учун йўлланма берилди.

- Катта ўғлим ҳарбий хизматдан бахтсиз тасодиф туфайли ногирон бўлиб қайтганди, - дейди фуқаро Э.Бегимов. –  Ишга яроқсиз, нафақасидан бўлак даромади йўқ. Оиламиз катта, топган пулимиз еб-ичишдан ортмайди. Уй керак, аммо иморат қуриш учун имконимиз йўқ. Шунинг учун бугунги сайёр қабулга ўғлимга уй сўраб келдим. Ҳоким дардимни тинглаб, мурожаатимни ижобий ҳал қилди.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.