Сайёрадаги энг баланд товушли жонзотлар
Ҳайрон бўлишингиз мумкин, лекин қўшнингизнинг кечаси ҳурадиган ити ёки дераза остида миёвлаган кўча мушуги дунёдаги энг баланд овозли ҳайвонлар эмас экан.
Ундан ҳам баландроқ овозли жонзотлар бор ва улар шу даража кучли товуш чиқарадики, кишининг қулоқ пардасини ёриб юбориши мумкин. Биз бу учун уларни ҳатто қоралашга ҳам уринмаймиз. Ахир одамларнинг ўзи ҳам унчалик тинч жонзотлар эмаску...
Келинг, жуда ғайриоддий бўғимоёқли жонзот - чўт қоқар тилларанг қисқичбақадан бошласак. Узунлиги бор йўғи 6 сантиметрга етадиган бу кичик сув ости яшовчиси 200 децибель товуш чиқаради (Таққослаш учун: одам қулоқлари оғриқни ҳис қиладиган даражадаги товуш 120 децибель). Бундан ташқари қичқичбақа буни оғзи ёки танаси ёрдамида эмас, чангали (панжаси)ни куч билан босиб, сув остида ҳаво пуфакчаларини ҳосил қилиш орқали амалга оширади. Чертиш бу жонзотларга мулоқот ва ов қилишда ёрдам беради, чунки бундай товуш бир зумда балиқларни карахт қилиб қўйиши мумкин.
Эҳтимол кўк кит дунёдаги энг катта жонзотдир, лекин овоз чиқариш бўйича у чўт қоқар қисқичбақалардан кам бўлса-да орқада қолмоқда. Китнинг овози 188 децибелга етади. Биз учун бу жонзотларнинг сув остида яшашининг ўзи бир бахт, акс ҳолда қулоқларимиз бундай товушларга дош беролмаган бўларди.
Қуруқликда ҳам жуда кўп шовқинли ҳайвонлар бор. Қуёнлабли кўршапалак бошқа кўршапалаклар сингари ҳавода мослашиб олиб, ўзига озуқа топиб олиш учун эхолокациядан фойдаланади. Бу кўршапалак фақат балиқ овлайди, шунинг учун уларнинг овози анча баланд ва 140 децибелга етади. Товуш нафақат ҳавони, балки сувни ҳам қалқитиб қўяди. Бу товуш инсон қулоғи қабул қилиш доирасидан ташқарида бўлганлиги сабабли одамлар учун хавфли ҳисобланмайди.
Сайёрадаги энг шовқинли ҳайвонларнинг навбатдаги вакили Янги Зеландияда яшайди. Бойўғлисимон Какапо тўтиқуши чиқарадиган товушнинг кучи 132 децибель. Бу тўтиқуш қариндошлари орасида нафақат энг баланд овоз, балки катталиги ва узоқ умр кўриш давомийлиги билан ҳам ажралиб туради. Вояга етган эркак какапонинг вазни 2 килограммдан ошади ва бу ажойиб қуш 90 йилгача яшаши мумкин.
Рейтингимиздаги энг баланд овозли жонзотларнинг охирида цикадалар (чирилдоқлар) жой олди. Сиз уларнинг овозини эшитгансиз, айниқса ёзда ҳашаротлар ўз “қўшиқ”ларини эрталабдан куйлай бошлайди ва кечгача тўхтамайди.
Ҳашаротларнинг катта яшил ва сариқ рангли Cyclochila australasiae тури эса ўзига хос баланд овози билан алоҳида ажралиб туради – улар овозининг кучи 120 децибелга етади. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, цикадалар ўзининг баланд овози туфайли ёзнинг беташвиш кунларининг ўзига хос рамзига айланиб қолган. Киноларда кўпинча чирилдоқлар товушидан ёзнинг экрандаги тасвирини “бойитиш” учун фойдаланилади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.