Сайёрадаги қўрқинчли арвоҳ-шаҳарлар
Бу шаҳарларнинг ҳар бири ўзига хос қайғули тарихга эга. Ҳалокатлар, авариялар ва урушлар вайронага айлантирган арвоҳ-шаҳарлар аҳолиси томонидан ташлаб кетилган. Қизиғи, бу жойлар сеҳрли тарзда сайёҳларни ўзига жалб қилади. Қуйида энг қўрқинчли ташландиқ шаҳарларнинг мисоллари келтирилган.
Япония, Хашима
Одамлар оролда кўмир топилганда, 1887 йилдан бошлаб у ерга кўчиб ўта бошлаган. Оролни 1890 йилда сувости конларидан кўмир қазиб олиш мақсадида Mitsubishi компанияси сотиб олди. Хашима ҳудудида конлар, ҳарбий заводлар, турар-жой бинолари, дўконлар, мактаб ва қабристон бўларди. 1959 йилда шаҳар 5259 киши аҳолиси билан ўзининг энг юқори чўққисига чиққанди, бироқ 15 йилдан кейин конлар ёпила бошлади ва орол аста-секинлик билан бўшаб қолди.
Озарбайжон, Ағдам
Бир пайтлар Ағдамда 150 минг аҳоли истиқомат қилган. XVIII аср ўрталарида ташкил топган шаҳарда биринчи Қорабоғ урушигача (1991-1994) одамлар яшаган. Можаро доирасида Ағдам шаҳри ва унинг маданий ёдгорликлари ваҳшийларча вайрон қилинди. Бугунги кунда арвоҳ-шаҳарчада бир қанча харобалар ва сақланиб қолинган Ағдам масжидини кўриш мумкин.
Украина, Припять
1970 йилнинг февраль ойида ташкил этилган Припять СССРдаги тўққизинчи атом шаҳри эди. 1986 йил апрель ойидаги Чернобиль аварияси натижасида шаҳар аҳолиси зудлик билан эвакуация қилинди. Бугунги кунда объект дунёдаги энг машҳур шарпа-шаҳарлардан бири ҳисобланади. Инсон ҳаёти учун таҳдид мумкин бўлишига қарамай, бу ерда мунтазам равишда сайёҳлар учун экскурсиялар ўтказилади.
АҚШ, Пенсильвания
1841 йилда асос солинган Сентрейлия шаҳрида турар-жой бинолари, мактаблар, черковлар, театрлар, бинклар ва ҳоказолар жойлашган эди. Шаҳарликларнинг асосий машғулоти тошкўмирнинг энг яхши нави - антрацит ишлаб чиқариш саноати эди. 1962 йилда бошланган ва ҳозирги кунгача давом этаётган шахталардаги ер ости ёнғинлари у ердан одамларнинг кўчирилиб чиқиш сабаби бўлди. Ёнғин белгиларини ҳозир ҳам бир неча, айниқса 61 йўналишдаги ёриқлардан тутун сизиб чиқаётган жойларда кузатиш мумкин.
Туркия, Кайакўй
Бугунги кунда Кайакўй қишлоғи музей ва тарихий обида ҳисобланади. Бир пайтлар одамлар яшаган 350 дан ортиқ уй Туркия ҳукумати ҳимоясида бўлса-да, аянчли аҳволга келган. Кайакўй юнон-турк уруши натижасида ташлаб кетилган, шунингдек, 1957 йилда содир бўлган зилзила вайронагарчиликлар сабаби бўлди.
Россия, Кадикчан
12 минг аҳоли истиқомат қилган шаҳар типидаги Кадикчан кон қўрғони бугунги кунда кимсасиз арвоҳ-шаҳарга айланган. 1996 йилда кондаги авария оммавий кўчириш сабаби бўлди, аксарият уйлар консервацияланди. Ҳозир ҳам кўпгина уйлардаги ташлаб кетилган нарсалардан одамларнинг бу ердан шошилинч тарзда кўчиб чиққанлигини билиш мумкин.
Бразилия, Фордландия
Фордландия 1928 йилда Генри Форд томонидан автомобиль саноати учун резина ишлаб чиқариш маркази сифатида ташкил этилган. Лойиҳа муваффақиятсизликка учради - жаноб Форд каучук дарахтларини ўстириш ҳақида муҳим кўникмага эга эмас, ҳудуд эса деярли тарқоқ эди. Бундан ташқари, у маҳаллий ишчиларни америкалаштиришни хоҳларди. Улар Америка таомларини истеъмол қилиш ва махсус кийим кийишга мажбур бўлишди, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли ҳам тақиқланди. Бундай чекловлар 1930 йилдаги ғалаённи келтириб чиқарди.
Чили, Чайтен
Чайтен 2008 йилда худди шу номдаги вулқоннинг отилиши натижасида арвоҳ-шаҳарга айланди. Маҳаллий аҳоли ўз уйларин ташлаб, қўшни шаҳарларга кўчиб ўтишга мажбур бўлди. 2011 йилда Чайтенни қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди, бироқ етказилган зарар жуда катта бўлиб чиқди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.