Сел хавфи: Одамлар қандай йўл тутиши керак ва нималар қилинди?

Кетма кет ёмғирлар натижасида сел хавфи юзага келадиган ҳудудлар Самарқандда ҳам бир неча шаҳар-туманларда бор. Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Мунира Арипова мазкур офат  вақтида ҳаракатланиш, унинг олдини олиш борасида қилинган ишлар юзасидан маълумот берди. 

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари Федерацияси билан ҳамкорликдаги “Марказий Осиё давлатларида маҳаллий даражада табиий офатлар хавфини камайтириш орқали маҳаллалар барқарорлигини кучайтириш” лойиҳаси бўйича 2021-2022 йилларда Самарқанд шаҳри, Жомбой, Каттақўрғон, Самарқанд, Ургут туманларидаги фавқулодда ҳолатлар содир бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлган 20 та маҳалла  ва уларнинг ҳудудларидаги мактабларда фавқулодда вазиятларда қутқариш ва биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқув ва амалий машғулотлар ўтказилди ва ушбу маҳалла ва мактабларга 141 миллион сўмдан ортиқ миқдорида фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар  етказиб берилди. 

Сел хавфининг олдини олиш борасида Самарқанд шаҳридаги 8 та маҳаллада ариқлар тозаланиб, сув йўллари очиб берилди. Сел натижасида тўпланиб қоладиган сув хонадонларни босиб кетмаслиги учун монолит девор барпо қилинди, лотоклар ўрнатилди ва сувни чиқариб юбориш трубалари ётқизилди,  сув йиғиш қудуқлари ковланди. Жарликлар бўлган жойларнинг атрофи пўлат сим тўрлари билан ўраб олиниб, аҳолининг ўтиб қайтиши учун хавфсизлантирилди.

Каттақўрғон туманидаги Жавлон ва Ургут туманидаги Кенагас маҳалласида артезиан қудуғи ковланиб, маҳалла аҳолиси  ичимлик суви ва суғориш суви билан таъминлана бошланди. 

Самарқанд туманидаги Ўрта Оҳалик маҳалласида йўл чеккасига лоток ўрнатилиб,  сой устига металл кўприк барпо этилди. Жомбой туманидаги Олмазор маҳалласида суғориш қудуғи ковланиб, ёнғинга қарши кураш бассейни барпо этилди. Ургут туманидаги Чорчинор маҳалласидан оқиб ўтувчи сой қирғоғи бўйлаб монолит девор барпо этилди. Ушбу ишлар учун 550 миллион сўмдан ортиқ миқдорда маблағ сарфланди. 

2022 йил 20 апрелда ёққан кучли сел натижасида Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчаси 999-хонадоннинг зарар кўрган кишиларнинг ҳар бирига ташкилотимиз томонидан кўрпа-тўшак мажмуаси билан ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, хонадонни таъмирлаш мақсадида вилоят ташкилоти томонидан ҳомийлар изланди ва мазкур ишлар учун улар томонидан бир минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурдаги жамоат фондидан ютиб олинган “Раҳм-шафқат хизмати” грант маблағлари ҳисобидан 20 миллион сўмга ногиронлик аравачалари, танометрлар, қўлтиқтаёқлар, ходуноклар, ҳассалар ва бошқа буюмлардан иборат реабилитацион жиҳозлар харид қилинди. Ҳозирги кунда бу жиҳозлар мурожаат этган кишиларга бепул маълум вақтда фойдаланишлари учун ижарага берилмоқда. 

Кексаларни ва имконияти чекланган шахсларни парваришловчи ходимларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, уларда 524 нафар кишилар фавқулодда ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш асосларига ўргатилди ва сертификат олди.