“Сен кимсан? Бориб, навбатингни кут!”
Шу кунларда вазият тақозо қилиб, вилоятларга борадиган бўлсангиз, таксига ўтира кўрманг. Вақтингиз газ “заправка”ларда навбат кутиш билан ўтади.
“Тошкент-Термиз” автомагистраль йўлидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)нинг тенг ярми ишламаяпти. Ишлаганлари ҳам нари борса, 6-7 соат газ қуяди-да, кейин дарвозаларини тамбалайди. Бу ҳолат 2018 йил декабридаги манзараларни эсга солмоқда. Хотирангиздан кўтарилмаган бўлса, ўшанда шу каби узундан-узун навбатлардан кейин газ нархи оширилганди...
Айтишларича, АГТКШлардаги узилишлар ўтган ҳафта охирларида бошланган. Сабабини тадбиркордан билишнинг иложи бўлмади. Улар кичкина одамлар эмас-да, чунки. Компрессорчилар бўлса, лимит тугаб қолаётганини баҳона қиляпти. Қизиғи, лимит деганлари истеъмол талабидан келиб чиқиб, белгиланмайдими?! Ҳар ҳолда бизга “Ўзтрансгаз” АЖ масъулларининг ҳар йили 1 сентябрга қадар истеъмолчиларнинг зарурий газ ҳажмлари тўғрисидаги талабномалари йиғилиб, келгуси йил учун лимит “ишлаб чиқиш” ҳақидаги гаплари ёд бўлиб кетган.
Тадбиркорлар тадбирли бўлишаркан. Айрим “заправка”ларда вазиятдан келиб чиқиб, пул қилишнинг янги йўллари ихтиро қилинибди. Масалан, Оқ олтин туманидаги “Gaz Invest Group” МЧЖга тегишли АГТКШнинг битта калонкаси гўёки ишламайди. Олдига кичик ўт ўчириш баллончаси қўйиб қўйилган. Бу ерда хос йўлакдан келган махсус машиналарга газ қуйилади. Шундай машиналар эгасидан бунинг сирини сўрасам, секин бориб, беш минг қистирсам, вассалом эмиш.
Бундай қилмай адашибман. Оператордан бу “имтиёз” ҳақида сўрасам: “Сен кимсан? Бориб, навбатингни кут!”, деган жавобни олдим.
Ҳа, истеъмолчилар талаби бир тийин, айниқса, монополлар учун. Вазиятга изоҳ бермаётган “Ўзтрансгаз” АЖ ҳам “Сен кимсан?”, дея ўдағайламасайди, деб қўрқиб турибман.