Сирдарёда “газ заправкаси“даги навбатлардан норози ҳайдовчилар йўлни тўсиб қўйишди

Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати бир неча кунлардан буён табиий газ ва электр энергиясида тақчиллик бўлаётгани сабабли аҳоли ўртасида эътирозлар билдирилаётганига изоҳ берди.

Унда қайд этилишича, газ тақчиллиги автомобилларга газ тарқатиш шохобчаларида ҳам кузатилмоқда. Ўз навбатида, газ қуйиш шохобчаларида кўплаб транспорт воситалари тўпланиб қолиши оқибатида автомашиналар қаторининг узунлиги бир неча юз метрларга етяпти.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда 2019 йил 27 ноябрь куни М-34 йўли ёқасида жойлашган “Шератон-сервис“ МЧЖга қарашли автомобилларга газ тарқатиш корхонаси олдида бир қанча фуқаролар газ қуйиш шохобчасида норозилик билдириб, кутиш жойидаги ўриндиқларни олган ҳолда М-34 йўлининг “Тошкент-Гулистон” йўналишини вақтинча тўсгани, йўлда эса автомашиналар тирбанд бўлиб тўхтаб турганлиги акс этган видеотасвирлар тарқалди.

Воқеа жойига зудлик билан етиб борган Сирдарё вилояти ЙҲХБ ва Сирдарё тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан вазият ўрганилганда, ушбу газ тарқатиш шохобчаси бугун тонгда ишга туширилгани, ҳайдовчилар эса кечадан буён навбат кутиб туришганлиги маълум бўлди. Соат тахминан 11:00 ларда ўзини Ўзбекистон Республикаси “Ўзбекнефтгаз“ инспекцияси, Мажбурий ижро бюроси, “Ўзтрансгаз“ АЖ вакиллари деб таништирган ходимлар келиб, газ ҳисоблаш мосламасини текшириш учун олиб кетишган. Навбатда турган 5-6 нафар ҳайдовчи эса ушбу ҳолатга ўз норозиликларини билдириб, М-34 йўлининг “Тошкент-Гулистон“ йўналишини беркитишганини билдиришган.

Хабарга кўра, олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг у ерга йиғилган ҳайдовчилар тарқатилиб, йўлдаги ҳаракат тикланган.