Сенат Раиси Россиядаги ватандошларимиз билан учрашди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбарининг ташрифи Россия Федерациясида яшаётган ватандошларимиз билан учрашувдан бошланди.

Унда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Б.Асадов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э. Мухитдинов, Россия Федерацияси пойтахтида яшаётган ватандошларимиз, шунингдек, онлайн-режимда Россиянинг деярли барча ҳудудларидаги диаспоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнат мигрантларини тизимли қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилаётгани, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилган комплекс чора-тадбирлар, хорижда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳудудларида бош консулликлар очилиши аксарият фуқароларимизнинг ҳаётини анча енгиллаштирди, шунингдек, коронавирус пандемияси даврида мисли кўрилмаган ёрдам кўрсатилди.

Учрашувда сўзга чиққанлар Россиядаги ватандошларимизга ёрдам кўрсатилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор қилиб, Россияда ўзбек маданияти ва миллий қадриятларини тарғиб қилишга, икки мамлакат халқлари ўртасида “кўприк” вазифасини ўташга тайёрлигини билдирдилар.

Россиядаги фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича бир неча йил олдин бошланган ислоҳотлар самарали бўлгани, мураккаб вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга манзилли ёрдам кўрсатилаётгани, меҳнат мигрантлари учун ҳам ижтимоий кафолатларнинг янги механизмлари яратилгани, шунингдек, фуқароларимизнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ҳукуматлараро келишувлар Россия томонидан ҳам бажарила бошлангани таъкидланди.

Юртдошларимиз ёшлар ва гендер сиёсатини амалга оширишда мамлакатимизнинг эришаётган бугунги ютуқларидан фахрланадилар.

Бундан ташқари, учрашув давомида Москвада ватандошларимиз томонидан ташкил этилган “Дугоналар” клуби Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги Элчихонаси ҳузурида Хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Талаба ёшлар ҳам Ўзбекистон томонидан уларга кўрсатилаётган ёрдам ҳақида сўзлаб бердилар.

Икки мамлакатнинг тегишли идоралари кўмагида Россияда ўзбек халқининг бой тарихий ва маданий мероси ҳамда эзгу анъаналарини оммалаштиришга қаратилган турли тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ватандошларимиз таъкидлаганидек, улар Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигини кенг нишонлашни, Москва ва Россия Федерацияси ҳудудларида байрам тадбирларини ўтказишни режалаштирмоқдалар.

Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди. Унда ҳар бир иштирокчи миграция қонунчилигини мақбуллаштириш, рўйхатдан ўтиш тартибини соддалаштириш, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун патент олиш, мамлакатлар ўртасидаги транспорт алоқаларини тўлиқ тиклаш ва бошқа масалалар хусусида нафақат ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашди, балки Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг раҳбарига ўзларини қизиқтирган саволларни ҳам йўллай олди.