Сенат ялпи мажлиси олдидан: Қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасида
Бугун, 21 февраль куни вилоятдан сайланган сенаторлар, вилоят Кенгаши доимий комиссиялари раислари ҳамда депутатлик гуруҳи раҳбарлари Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан фикрлашиб олдилар.
Анжуманда жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирокида қонун лойиҳалари ҳудуд ва унда яшаётган аҳоли манфаатларига мослиги муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган эди. Шундан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
Муҳокамалар давомида мазкур қонун юртимиз фуқаролиги масаласида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
- Бугун биринчи навбатда, зиммамиздаги масъулиятни тўғри тушунишимиз керак, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев. – Қабул қилинаётган қонунлар қанчалик халқчил бўляпти? У одамларга нима беради? Жамият янги ҳуқуқий ҳужжатлардан қандай наф кўради? Асосий вазифамиз айни шу саволларга жавоб топишдан иборат.
Сенатор Гавҳар Алимова эса бу қонунга киритилаётган ўзгаришлар, янги моддалар мазмун-моҳияти, умуман, янги таҳрирдаги қонунларнинг мамлакат ҳаётидаги аҳамияти хусусида гапирди.
Қизғин муҳокамалар давомида Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги ҳамда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.