Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сенаторлар қонунни нега рад этди?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисининг иккинчи кунида бир қатор қонунлар кўриб чиқилди. Унда “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилди. Хўш, нима учун?

Ушбу қонун билан амалдаги 11 та, яъни 3 та кодекс ва 8 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди. Хусусан, Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилиши мўлжалланган тузатишлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш натижасида олинган мол-мулкни махсус мусодара қилиш тартибини белгилашни кўзда тутилган.

Таъкидланишича, мазкур қонун молиявий ҳаракатлар бўйича махсус гуруҳ (ФАТФ) стандартларини, шунингдек бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан берилган тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўлида ишлаб чиқилган.

Тўғри, мазкур қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш миллий тизими самарадорлигини оширишдан иборат.

Бироқ бунинг учун дастлаб очиқ фуқаролик жамиятига хос бўлган тўғридан-тўғри жазоловчи чоралар билан боғлиқ бўлмаган илмий ёндашувга асосланган конструктив механизмларни қўллаш лозим. Яъни, бу мақсадларга эришиш учун, энг аввало, мамлакатнинг иқтисодий тизимини тўлиқ жамоат назоратига ўтишига эришиш керак.

Бу борада, биринчи навбатда, даромадлар ва мол-мулкни декларация қилиш институтини тўлиқ жорий қилиш зарур. Ушбу даромадлар ва мол-мулкни декларация қилиш институтини таҳлили ва илғор хорижий давлатларда қўллаш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, унинг тартиб-қоидалари жамиятимизга босқичма-босқич киритилиши керак. Яъни, декларация қилиш талаблари аввал давлат хизматчиларига, сўнгра маълум жараён амалиётини таҳлил қилган ҳолда бошқа даромад олувчи шахсларга тадбиқ этилиши лозим.

Ўз ўрнида, бу учун аниқ ва равон мезонлар яратиш керак. Мезон деганда, ҳалол йўл билан топилган даромадларни қонунга хилоф равишда олинган даромадлардан ажрата билиш меъёрларини шакллантиришдир. Шу билан бирга, даромадлар ва мол-мулкни декларация қилиш институтини жорий қилиш дегани, оддий декларация қилиш талабларини киритиш эмас, балки унинг бир қатор ҳуқуқий оқибатларини тартибга солувчи меъёрларини белгилаш билан боғлиқ.

Даромадлар ва мол-мулкни декларация қилиш институтини жорий қилиш – бу мамлакатнинг иқтисодий тизими тўлиқ жамоат назоратига ўтишининг бир босқичидир.

Мамлакатнинг иқтисодий тизими жамоатчилик назоратига ўтишига эришиш давлат идоралари фаолиятини очиқлигини таъминлаш йўлидаги ҳаракатларни кучайтириш, давлат харидлари билан боғлиқ ишларни шаффофлигига тўлиқ эришиш, яширин иқтисодиёт бозори аломатларини бартараф этиш каби қатор ҳаракатларни тизимли равишда амалга ошириш билан боғлиқ.

Қайд этилган институтларни мантиқий кетма-кетлик билан ва тизимли жорий қилиниши йўли билан иқтисодий тизим устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва ушбу жамоатчилик назоратини барча даромадларни очиқ, шаффоф ва равон фильтрига айлантиришга эришиш – энг асосий вазифамиздир.

Даромадлар устидан бундай самарали жамоатчилик фильтри яратиладиган бўлса, амалдаги жиноят ҳамда маъмурий жавобгарлик қонунчилигида янгича жазоловчи чораларини белгилашга ҳожат қолмайди. Шу жиҳатдан, фаол ислоҳотлар даврида даромадлар билан боғлиқ соҳада барча конструктив чораларни кўрмасдан туриб, кескин жазоловчи нормаларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Ушбу хулосаларга асосан “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун рад этилди.

Ф.Тошев,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.