“Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилди.
Мазкур кўкрак нишони билан сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 15 сентябрга қадар Фанлар академиясига тақдим этилади. Бунда номзодларни танлашда қуйидагилар инобатга олинади:
➖сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этгани;
➖сейсмология, иншоотларнинг сеймик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшгани;
➖сейсмик хавфсизлик соҳасида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион технологияларни кенг жорий этишда иштирок этгани;
➖кучли зилзилалар оқибатини бартараф этишда иштирок этгани;
➖бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини тадқиқ қилиш, уларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш ҳамда тегишли хулосалар беришда иштирок этгани;
➖сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп этгани;
➖сув омборлари тўғоналари, эксплуатация қилинаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида сейсмикликнинг намоён бўлишини мунтазам баҳолаб бориш ва бошқалар.
Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 13-октябрь – Табиий офатлар хатарини камайтириш халқаро куни арафасида Фанлар академияси президенти (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.
Кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.