Шаҳар марказидаги кўп қаватли уй ертўласида ким ҳожатхона қурган?
- Нима учун уч йил илгари банкдан 130 миллион сўм кредит қарз олган ширкат ҳалигача уни тўлаш ҳақида ўйламаяпти?
- Ўтган йил сентябрь ойида 9 қаватли уйга ўрнатилган лифт 120 кун ўтса-да, нега бугунгача ишга туширилмаган?
- Наҳотки, кўп қаватли уйнинг ертўласидан хусусий ҳожатхона қурилганлигини ҳеч ким кўрмаган бўлса?
Вилоят ҳокимлигида Самарқанд шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда уй-жой фондини бошқариш, сақлаш ва таъмирлашни таъминлаш учун ихтиёрий бирлашма сифатида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этилиши ҳамда улар фаолиятини ўрганиш натижаларига бағишланган йиғилишда шу каби ўнлаб саволлар берилди.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борган йиғилишда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳлари томонидан Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларни сақлаш ва бошқариш, ободонлаштириш ишлари юзасидан олиб борилган ўрганишлар муҳокама қилинди. Жумладан, шаҳардаги тўрт сектор раҳбарларининг ҳудудларда бажарган ишлари қониқарсиз эканлиги, айниқса, шаҳарнинг тарихий обидалари жойлашган қисмида тадбиркорлик субъектларининг уй-жойларни қуришда ҳануз ўзбошимчалик қилаётгани кескин танқид қилинди.
- Бугун қатор хусусий ширкатлар фаолиятидан аҳоли норози бўлаётгани бор гап, - деди вилоят ҳокими. – Айниқса, Сартепа, Суғдиёна массивлари, Кимёгарлар шаҳарчасидаги кўп қаватли уй-жойларда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари талабга жавоб бермайди. Хусусан, 1-сектор ҳудудидаги “Юнусобод коммунал Ситора сервис”, “Сартепа Гулноза сервис”, 2-сектор ҳудудидаги “Регистон”, «Фарҳод Обод сервис», 3-сектордаги «Ташаббускор коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли уйларнинг айримларида ноқонуний ўрнатилган сув насослари туфайли ертўлалар захлаб кетган, қурилиш чиқиндилари тўпланиб қолган. Айрим уйларда коммуникация ва сантехника монтаж ишлари ҳалига қадар якунланмаган. Ирригация тармоқлари носоз ҳолатда, чиқиндилардан тозаланмаган. Айрим уйларнинг кириш йўлакларидаги электр шитлари носоз, болалар майдончаси таъмирталаб бўлса, айримларининг том қисми ўз вақтида куз-қиш мавсумига тайёрланмаганлиги оқибатида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Шаҳар марказидаги «Регистон» уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли кўп қаватли уй ертўласи айрим мулкдорлар томонидан эгаллаб олинган. Ҳатто бу ерда ҳожатхона қурилган.
Ўрганишлар жараёнида Фарҳод шаҳарчасидаги “Фарҳод обод сервис” ширкатига қарашли барча уйларнинг томи тўлиқ ёпилмаган, уйларнинг ички ёритиш тизими чироқлари, ирригация тармоқлари таъмирталаб. Ёғингарчиликда тўпланадиган сувларнинг чиқиб кетиш йўли кўзда тутилмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ширкат таркибидаги уйларнинг техник паспорти йўқ. Уйларнинг биринчи қаватида яшовчилар ўзбошимчалик билан 15 та ноқонуний эшик очиб олишган. Буздирилган ноқонуний қурилма ва гаражлар ўрни эса ободонлаштирилмаган. Аҳолининг мажбурий бадал тўловидан 34,3 миллион сўм қарздорлиги мавжуд.
Йиғилишда аниқланган муаммоларни тезда бартараф этиш, шунингдек, ширкатлар томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун белгиланган тўловларнинг шаффофлигини таъминлаш ва ундириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.