Шахмат тарихидан: Подшолар ўйини
Тахта устидаги ўйинларнинг бирортаси шахматга тенглашолмайди. Бу ақлий ўйин ижод ва фикрлаш, кўп юришли комбинацияларга, яъни бутун бир қўшин стратегик ҳаракатлари элементларига бой. Шу боис бўлса керак, шахмат пайдо бўлганидан бошлаб бу ўйин “Подшоҳлар ўйини” деб ном олган.
Ҳиндистондан туҳфа
Абул Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида ҳинд элчисининг Форсга саёҳати қизиқарли тафсилотларга бой. Маукхара сулоласидан Қирол Сарваварман форс шоҳи Хисрав Анушервонга 565 йилда тинчлик рамзи пальма гулчамбари ва қимматбаҳо туҳфалар юборади. Минглаб туялар ва 90 филга тилла ва марваридлар, шойи ва қуроллар, сархил мева ва ноёб резаворлар юкланганди. Улар орасида зумрад ва марвариддан ясалган 32 фигурали ғайриоддий янги ўйин тошлари ва 64 катакли тахта бор эди.
Карвон олис йўлини муваффақиятли босиб ўтади. Тинчлик миссияси қудратли шоҳ томонидан хушнудлик билан кутиб олинади. Аммо бошқа ривоятларга қараганда, бундан мақсад – шаҳаншоҳни қанчалик доно, сеҳрли ўйин сирини англай оладими-йўқми, қобилиятини синаб кўриш кўзда тутилган.
Шоҳ ўзини қийнаб ўтирмайди, буни машҳур донишманд Вазурмеҳрга топширади. У осонгина бу ўйин урушга ўхшашини аниқлайди. Араблар Форсни босиб олганида уларнинг ўлжалари орасида қадимий шахмат ҳам бор эди ва истилочилар мамлакатларини забт этишда ундан фойдаланишади.
V асрда шахмат Ҳиндистонда “Чатуранга” номи билан пайдо бўлади. Бир қатор ўзгаришларга учраб, VII–VIII асрларда янги кўринишда шатранж номи билан араб давлатларига бориб қолади. Ўрта ер денгизи мамлакатлари, кейинчалик Ғарбий Европада шахмат ўйини кенг тарқалади.
Жанговар юриш
Шахмат фигураларининг қатьий жойлашуви уларнинг ҳар бирига аниқ вазифаларини юклайди. Ўйин давомида уларнинг юриши ҳақиқатан ҳам чинакам жангни эслатади.
Бу чиндан ҳам шахмат ҳарбий ўйин сифатида пайдо бўлганини кўрсатади. Қадимги Ҳиндистонда бекликлар ўртасида охири йўқ ўзаро урушлар шароитида бу сифат юқори баҳоланган.
Ҳиндшунос тарихчиси Рената Саид бу фикрни тасдиқловчи қатор далилларни келтиради. Ҳинд амирликлари - бекликлари жанг майдонида лашкарларни шахмат тахтасидагидек жойлаштиришган. Унда пиёдалар ўртада жойлаштирилган ва фронт бўйлаб секин ҳаракатланиб борган. Қанотларда жанговар филлар жойлаштирилиб душманни даҳшатга солган. Зобитлар аравада душман қўшини орқасига ёриб кирган. Отлар кутилмаган ҳужумга ташланган, рақибларни чекиниш йўлини тўсиб, уларни ўраб олган. Қирол жанг пайтида душман қўлига тушиб қолмаслик учун қўшин ортида ҳарбий қўриқчилар қуршовида эҳтиётлик билан илгарилиб борган.
Бош вазир – ҳозирги фарзин, олий мартабали шахс қиролга яқинроқда борган, унинг ҳаракати чекланланган характерда бўлган. Араблар шатранж ўйинида халифаликнинг улуғ вазири сифатида унга чекланмаган куч-қудрат ваколатини – тахта устида исталган томонга юриш ҳуқуқини беришган.
Бугунги кунга келиб шахмат етти ёшдан етмиш ёшгача одамларнинг севимли ақл-заковат ўйинига айланган.
Т.Шомуродов тайёрлади.