"Шайтон суви"дан сармаст йигит амакисини ўлдириб қўйди
Бу ичкилик деганлари кимларни залолатга бошламаган, ер билан яксон қилиб, беобрў қилмаган дейсиз? Оқ ароқнинг қора қилмиши ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳаётда содир бўлаётган жиноятларнинг аксарияти мастлик оқибатида содир этилаётгани янада ачинарли.
Бир фарзанднинг отаси, 1991 йил Булунғур туманида туғилган Бокир Омонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) туппа-тузук дўконда савдо билан шуғулланиб юрарди.
2020 йил 3 апрель куни кундузи дўконда ишлаб ўтирган пайти жияни Олим келиб, опаси Дурдонанинг туғилган куни бўлаётгани, тоғасига меҳмонга боришини тайинлаб чиқиб кетди. Бокир кечки пайт ишини якунлаб, уйига келиб бироз тамадди қилгандек бўлди.
Шундан сўнг туғилган кун эсига тушиб, “яримта”ни қўлтиқлаб, қариндоши Ботирнинг уйига бориб, жияни Дурдонанинг туғилган куни бўлаётганини, бирга табриклаб келишини айтди. Улар биргаликда туғилган кун бўлаётган хонадон томон кетишди…
Хурсандчилик бўлаётган хонадонга Дурдонанинг синфдош дугоналари ҳам келишган экан. Тоғалар учун алоҳида хонага жой тайёрланган, туғилган кун эгаси уларни ўша хонага ўтиришга таклиф этди. Бокир ва Ботир бир шиша ароқни “жойига солишди”. Албатта, туғилган кунда жияни Дурдона шаънига илиқ гаплар айтилди. Бир шиша улар учун урпоқ ҳам бўлмади. Шунда Бокир жияни Олимни уйига жўнатиб, уйларидан яна бир шиша ароқ олиб келишни буюрди. Жиян ҳаш-паш дегунча яна бир шиша ароқни кўтариб келди. Пиёлаларга шайтон суви қуйилди…
Базм тугаб ҳамма тарқаладиган бўлди. Ботир уйига кетди. Бокир ҳам уйи томон кета бошлади. Аммо оёқлари қийшайиб, яна орқага қайтди. Базм тугаган, ҳамма ором олаётган эди. Уйга кираман деб эшикни зарб билан тақиллатди, эшик ойналари синиб кетди…
Эшикни жияни Фозил очди. Алжираган тоғани қўлтиқлаб, уйига қўйиб келиш тараддудига тушди. Ярим чақирим судрашиб юришди. Улар Бокирнинг амакиси Амир Низомов уйи ёнига келишди. Бокир жияни Фозилнинг қаршилигига қарамасдан амакисининг уйига бостириб кирди. Маст ҳолатда шовқин-сурон кўтарди. Хонадондаги телевизор, радиони оёғи билан тепиб, улоқтириб юборган эди улар чил-чил синди…
Атрофда бўлаётган шовқинни эшитган Амир ака жияни Бокирга мастлигини айтиб, уни тинчлантиришга уринди. Ўзини шер ҳисоблаган Бокир бунга қулоқ солармиди? Амакисини уриб, дўппослади. Ажратмоқчи бўлган жияни Фозилни ҳам ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақорат қилди. Ҳали вояга етмаган Фозил бу жанжалга тоқат қилмай орқага қайтди ва бўлган воқеани опаси Дурдонага етказди. Дурдона бу ҳақда Бокирнинг акаси Бобомуродга қўнғироқ қилиб, укаси амакиси хонадонида жанжал кўтараётганини етказди.
… Бобомурод амакиси хонадонига етиб борганида соат тонгги 03:00 лардан ошган эди. Бу вақтда Амир ака ерда қонга беланган ҳолда ётар, бадани маматолоқ бўлиб кетган эди.
Кейинчалик терговда маълум бўлишича, Бокир Омонов амакисини арзимаган сабаблар билан танасининг дуч келган жойига, қўл ва оёқлари билан дам-бадам уриб, унинг зарбаларидан инграётганлигидан янада завқланиб, бунга ҳам қаноат қилмасдан уни қийноққа солишда давом этиб, ерда ётган кетмоннинг металлдан ясалган тиғ қисми билан бош ва ҳаёт учун муҳим бўлган бошқа соҳаларига бир неча марта зарбалар бериб, уни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдирган…
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасида А.Низомовнинг ўлимига сабаби танасида оғир тан жароҳатлари белгилари мавжудлиги билан бевосита боғлиқлиги кўрсатилган.
Суд томонидан Б.Омоновнинг жамиятда умумэътироф этилган ахлоқ-одоб нормаларига нисбатан ошкора ҳурматсизлик, атрофдагиларга беписанд муносабатини намойишкорона кўрсатиб, марҳум А.Низомовни қасддан ўлдирганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан тўғри малакаланган деб топилди.
Судланувчи Бокир Омонов узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди…
Мастлик оқибатида содир этилган ушбу жиноят бир инсоннинг умрига зомин, қариндошлар ўртасида юз кўрмас, судланувчи оиласининг боқувчисиз қолишига сабаб бўлди.
Зокиржон ҚЎЗИБОЕВ,
Олий суд катта консультанти.