ШҲТ Халқ дипломатияси форуми иштирокчилари Самарқандда

Пойтахтимизда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси форуми иштирокчилари бугун Самарқандга ташриф буюрди.

Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги кўҳна ва боқий шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

- Форумда ташкилотга аъзо бўлган, шунингдек, кузатувчи ва мулоқот қилувчи шерик мақомидаги давлатлар вакиллари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда маданий-гуманитар соҳага алоқадор шахслардан иборат 120 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди, – дейди Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров. – Самарқанд билан танишиш учун Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, Қирғиз Республикаси ҳамда Россия Федерацияси вакилларидан иборат бир гуруҳ иштирокчилар кўҳна кентга келди. Улар бой тарихимиз, маданиятимиз билан бевосита танишиб, қадимдан халқлар ўртасидаги мулоқот майдони бўлган Самарқанд халқ дипломатияси бешиги эканлигини таъкидлади.

Жорий йил ШҲТ давлатлари раҳбарлари иштирокида ўтадиган нуфузли саммитга кўрилаётган тайёргарлик жараёнларини кузатган меҳмонлар Самарқанд анжумани ташкилот нуфузи янада ошишига хизмат қилишини қайд этишмоқда. Бугунги танишув жараёнлари ҳам ҳам ҳамкор давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ривожига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.
Форум иштирокчилари Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр, Ҳазрати Хизр, Бибихоним мажмуаларида бўлди ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан танишди.

– ШҲТ Халқ дипломатияси форумига таклиф этишганидан миннатдорман, – дейди Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти президенти, доктор Фархат Асиф. – Ушбу форум туфайли илк бор дунёга машҳур Самарқанд шаҳри зиёратига мушарраф бўлдим. Самарқандда ўз уйимда юргандек ҳис этаяпман ўзимни. Гўзал ва бетакрор шаҳарнинг тарихий обидалари, замонавий бинолари бир-бирига ҳамоҳанг қурилган. Бу шаҳарнинг машҳурлиги бежизга эмаслигига амин бўлдим ва шундай гўзал юртга ташриф буюрганимдан мамнунман. Форум ҳақида гапирадиган бўлсам, маълумотларга кўра ҳар йили Ўзбекистон 80 дан ортиқ халқаро анжуманларга мезбонлик қилар экан. Бу галги форум ҳам юртингизнинг ташқи сиёсати, ҳамкор давлатлар билан алоқалари ривожига хизмат қилади деб ўйлайман. Энг муҳими, жорий йил ШҲТ давлатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити Самарқандда ўтказилади. Бу ҳам жаҳон сиёсат аҳлининг диққат-эътиборини Ўзбекистонга қаратади. Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашим лозим, жорий йил Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигига 30 йил тўлди. Ўйлайманки, ўтказилаётган форумлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ҳам янада кенг ривожланишида ижобий самара беради.

А.Исроилов.