Шодиёр АҲМЕДОВ, Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи: ТАДБИРКОРНИ НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ЭМАС, УЛАРГА МАСЛАҲАТЧИ БЎЛИШИМИЗ КЕРАК
Президентимиз раислигида жорий йил 22 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши давлат солиқ хизмати органларига фаолиятни таҳлил этиб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни келгусида такрорламаслик, соҳа ходимларининг масъулияти ва касб маҳоратини янада оширишдек муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Мамлакатимизда солиқ юкини камайтириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси асосида янги солиқ тизими жорий этилмоқда. Янги солиқ тизимини жорий этишда масъулиятни янада ошириб, устувор вазифаларни ўз вақтида бажаришимиз, солиқ тўловчилар билан дўстона мулоқот қилишимиз, тадбиркорларга ҳақиқий кўмакдош ва маслаҳатчи бўлишимиз лозим.
Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бу йил янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари ва ҳисоб-китоблари тадбиркорлар онгида тўлиқ шаклланмагунча уларни жазолашга, жаримага тортишга умуман йўл қўйилмайди. Солиқчилар тадбиркорларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиб, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда тўғри йўл кўрсатиши керак.
Шундан келиб чиқиб, вилоят давлат солиқ бошқармаси, шаҳар ва туманлар давлат солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектлар ҳузурига бориб, солиқ тизимидаги ўзгариш ва янгиликлардан уларни хабардор қилмоқда. Тадбиркорларнинг солиқларга доир саволларига атрофлича жавоб қайтарилмоқда. Жумладан, қўшимча қиймат солиғи ва уни ҳисоблаш тартиби юзасидан ёрдам берилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда қўшимча қиймат солиғи тўловчи корхоналар сони 2 минг 788 та. Бу 2018 йилдаги солиқ тўловчилар (619 та) сонига нисбатан 4,5 баробар ошганини англатади. Ихтиёрий равишда қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтганлар 265 тани ташкил қилди. Қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтаётган мазкур солиқ тўловчиларга тегишли тушунча ва кўрсатмалар бериш учун вилоят давлат солиқ инспекциясининг 243 нафар ходими бириктирилган.
Тадбиркорларда давлат солиқ хизмати ходими, деганда биринчи навбатда, энг яқин маслаҳатчи, кўмакдош ва юксак билимга эга малакали ходим тушунчасини шакллантиришимиз лозим. Тадбиркорлик субъектларининг солиқлар бўйича ҳар қандай масаласини ечишга, уларга қонуний фаолият юритиш борасида тўғри йўл-йўриқ кўрсатишга камарбаста бўлишимиз керак. Ана шунда биз солиқ сиёсатидаги ислоҳотларда юксак натижаларга эришамиз, мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшган бўламиз.