Шри-Ланкада мусулмонларга тажовуз кўпайди, ҳукумат ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйди
Шри-Ланка ҳукумати мамлакатдаги бир нечта оммабоп ижтимоий тармоқларни вақтинчалик тўсиб қўйди.
Бунга сабаб, охирги кунлар ижтимоий тармоқларда Шри-Ланкадаги мусулмонларни бутунлай қириб ташлаш, уларга тегишли бўлган мулкларни вайрон қилишга, шунингдек масжидларга ҳужум қилишга чақириқлар кўпайиб кетган.
Мусулмонларга нисбатан бундай чақириқлар кўпайганининг сабаби эса, мамлакатда жорий йил 21 апрелда рўй берган қатор портлашларни ИШИД халқаро террорчи ташкилоти билан алоқада бўлган маҳаллий исломий ташкилотлардан бири уюштирган деб гумонлангани бўлган.
Ўшандан буён мамлакатнинг турли жойларида оз сонли мусулмонларнинг жонига ва молига тажовуз кўпайди. Бунга эса турли оммабоп ижтимоий тармоқлардаги мусулмонларга қарши қаратилган чақириқлар ҳам сабаб бўлаяпти.
Охиргиси, дунё ОАВ маҳаллий нашрларга таяниб тарқатган хабарга кўра кеча Шри-Ланкадаги бир нечта масжидга ҳужум бўлган. Тошбўрон қилиниши натижасида Чилау шаҳридаги масжидлардан бирининг дераза ойналари синдирилган. Ҳодиса юзасидан жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Шри-Ланка ҳукумати охирги кунларда мусулмонларга бўлаётган зўравонликлар туфайли Facebook, Whatsapp каби ижтимоий тармоқларни блоклаб қўйди.