Шри-Ланка президенти мамлакатни оиласи билан тарк этгани эълон қилинди

Шри-Ланка президенти Готабая Ражапакса расман истеъфога чиқишидан бироз олдин мамлакатни оиласи билан тарк этди, деб хабар бермоқда CNN юқори мартабали хавфсизлик ходимига таяниб.

Расмийга кўра, Ражапакса рафиқаси билан Мале шаҳрига (Малдив ороллари) Шри-Ланка ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий-транспорт самолётида учган.

Маҳаллий ҳаво ҳаракатини бошқарув хизмати эса дастлаб Шри-Ланка президенти самолётининг қўниш ҳақидаги илтимосини рад этган. Фақат Малдив ороллари халқ мажлиси спикери ва собиқ президент Муҳаммад Нашид аралашувидан сўнггина қўнишга рухсат этилган.

Хабар қилинганидек, ўтган ҳафта охирида Шри-Ланкада президент ва бош вазир истеъфоси талаб қилинган кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди. Намойишчилар президент қароргоҳига бостириб кириб, у ерда погром қилишди.

Ражапакса шу ҳафта расман истеъфога чиқиши, парламент аъзолари эса 20 июль куни янги президент сайлаши керак.

Шри-Ланкада намойишлар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Сўнгги кунларда улар йирик тартибсизлик ва ўт қўйишлар билан давом этди. Ёнғин оқибатида саккиз киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши жароҳатланган, 60 та автомобиль ва 100 дан ортиқ бино вайрон бўлди.

Мамлакат 1948 йилда Буюк Британиядан мустақилликка эришганидан буён энг жиддий иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда.