Си Цзинпин учинчи муддатга Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайланди
Хитой Коммунистик партиясининг XX съезди бир кун аввал ўз ишини якунлади. Партия Марказий қўмитасининг бугун бўлиб ўтган биринчи ялпи мажлисида Си Цзинпин ХКП Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайланди, дея хабар бермоқда “Синхуа”.
Бу унинг 2023 йилда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши сессиясида Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимига қайта сайланишига йўл очади.
У 2013 йилдан буён давлат раҳбари бўлган, 2018 йилда эса ХХР Раиси ваколатларини икки муддатга чеклашни бекор қилувчи конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди. Хитой Коммунистик партияси Низомида олий партия лавозимини эгаллаш учун муддат белгиланмаган.
Си Цзинпин, шунингдек ХКП Марказий ҳарбий кенгаши раиси этиб тайинланди.
Бугун, шунингдек, янги чақириқ ХКП Марказий Қўмитасининг биринчи пленуми бўлиб ўтиши кутилмоқда, унда Сиёсий бюро ва унинг доимий қўмитаси таркиби тасдиқланади.
Дарвоқе, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи муваффақиятли ўтказилгани ҳамда у партиянинг Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади.