Сирли ерости туннеллари
Перунинг жанубий қисмида жойлашган Наска ясси тоғлари сирли ва жумбоқлар ишқибозлари учун чинакам макон. Фақат осмондан кўринадиган улкан расмлар, нима учунлигини тушуниб бўлмайдиган спиралсимон ер тешиклари..? Турган-битгани сир.
Расмларнинг аҳамияти ва улардан амалда фойдаланиш ҳақида олимлар ҳамон бош қотиришаётган бўлишса, спиралсимон тешиклар жумбоғи яқинда аниқланди. Ҳақиқатни тан олиб тахмин қиладиган бўлсак, ердаги ҳар қандай “ўйиқ” - сув қудуғи. Хўш, унда сув қани? Яна бунинг устига Наска ясси тоғликларида қудуқлар жойлашуви жуда ғалати. Улардан айримлари ёнма-ён ва уларнинг шакли одатдаги сув таъминот манбаига сира ўхшамайди.
Ва, ниҳоят, ер сунъий йўлдошлари орқали олинган суратлар, жойларда синчиклаб олиб борилган тадқиқотлар натижасида олимлар шундай хулосага келдилар: бу қудуқлар сув таъминотига алоқадор. Аммо бу бир қарашда шундай оддий туюлса-да ўта мураккаб тилсим.
Шу ўринда бир дақиқага ортга чекиниб, аҳоли гавжум шаҳарларда бир-бирига уланган куб/километрли еростидаги метро туннелларини тасаввур қилайлик: уларда станциялар юқорисига олиб чиқувчи жуда кўп ҳаво қудуқлари мавжуд. Булар станцияларда ва ерости йўлларида ҳаво босимини меъёрида ушлаб, ҳавони алмашлаб туради.
Наска сирли қудуқлари ҳам, аниқланишича, шу принципда, метро қудуқлари сингари ишлайди. Гап шундаки, Перуда чуқур еростида мураккаб ерости йўллари мавжуд бўлиб, улар ўзаро боғланган. Ёзма манбаларда келтирилишича, қадимги қурувчилар ноёб муҳандислик қобилиятига эга бўлишган. Улар қудратли ирригация тизими ёрдамида ўзлари яшаётган шаҳар ва қўрғонларни қаерда жойлашганлигидан қатъий назар, ҳам тайёр табиий ғорлар, ҳам мураккаб сунъий ерости йўллари орқали сув билан таъминлаганлар.
Спирал кўринишдаги ғалати қудуқлар эса ўша йўлларга техник хизмат кўрсатиш, сув узатиш учун зарур босим ҳосил қилиш мақсадида барпо этилган.
Ҳозирда бу тизим ишламайди, аммо яроқсизлиги учун эмас. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, қадимги сув таъминоти тизими шунчалик юксак маҳорат билан қурилганки, бузилиши ҳам, тўхтаб қолиши ҳам мумкин эмас. Айтгандай, маҳаллий аҳоли вақти-вақти билан ерости сув йўлини тозалаш ва ишчи ҳолатида сақлаш учун туннелларга тушиб туришган, аммо бу жараённи сир сақлашган.
Қизиқ, бундай мураккаб лойиҳани амалга ошириш учун ноёб муҳандислик кўникмаси, геология ва гидрология соҳасида чуқур билим, энг муҳими, мамлакат ҳудудида тектоник ёриқлар, ерости сувлари жойлашган харитани мукаммал билиш талаб этилади. Бундай харита эса ҳатто ҳозирги Перуда ҳам йўқ. Бунга яна шуни қўшимча қилиш керакки, бундай мураккаб ишларни бажариш учун ундан-да мураккаб техникалар керак бўлади. Аммо олимлар Колумб давригача бўлган замонда ноёб ирригация тизими ким ва нима ёрдамида қурилганини ҳозирча билишмаяпти.
Т.Шомуродов тайёрлади.