Сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатга олишни сўраб мурожаат қилмоқда
23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилди. Бу, ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режадаги тадбирларни ўз вақтида ҳамда босқичма-босқич амалга ошириб боришлари зарурлигини англатади.
Сайлов кодексининг 34-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.
Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт”, деб кўрсатилган.
Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли қарори билан Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Мазкур Низомга мувофиқ, “Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни (мурожаатнома, номзоднинг паспорт нусхаси, 2 дона 3х4 ҳажмдаги фотосурат) тақдим этади.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва унга белгиланган шаклда мандат беради”.
Юқоридаги талабларга асосан, сиёсий партияларнинг ўз ваколатли вакилларини тайинлаганлиги ҳамда уларни ўрнатилган тартибда рўйхатга олиш ва белгиланган намунадаги мандатни бериш ҳақидаги мурожаатлари Марказий сайлов комиссиясига келиб туша бошлади.
Хусусан, 26 июль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ана шундай мурожаатлар келиб тушди.
Таъкидлаш жоизки, сайлов кампаниясида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқот олиб бориш, талаб этилган ҳужжатларни тақдим қилишни ташкилий равишда тартибга солиш учун Ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади.
Ваколатли вакил, биринчи навбатда, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал қилиб боради.
Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.