«Снос» қандай амалга оширилиши керак?
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари, судьялар ва мутахассислар билан ташкил этилган давра суҳбатида шу масалада сўз юритилди.
Самарқанд вилоятидаги шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, архитектура ва кадастр бўлими бошлиқлари, ҳокимлик юристлари, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар, жисмоний шахслар иштирок этган тадбирда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ер участкасини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ қонун нормалари ва қонуности ҳужжатлари ҳақида тўхталди.
- Аслида қонун-қоидаларга тўлиқ риоя қилинса, бу борада ҳеч қандай низо, бугун ижтимоий тармоқларни ларзага келтираётган гап-сўзларга ўрин қолмайди, - дейди Х.Ёдгоров. - Шу боис, бугунги тадбиримизда «снос» ишларининг асосий ижрочилари билан реал воқеалик, юзага келаётган тушунмовчиликлар ва кўнгилсизликларнинг туб сабаблари ҳақида юзма-юз фикрлашиб олиш мақсад қилинган.
Таъкидландики, мулк - конституцион ҳуқуқ. Уни бузишга ҳеч ким ва ҳеч қайси давлат ёки жамоат ташкилотига ҳуқуқ берилмаган. Бироқ давлат ва жамият эҳтиёжлари учун у жойлашган ер майдони олиниши мумкин. Бу албатта, мулкдорни розилиги билан амалга оширилади.
- Аксарият норозилик ва кўнгилсизликлар «снос»да ана шу тартибга риоя қилинмаётгани оқибатида келиб чиқмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров. – Натижада «снос» одамлар ўртасида мутлақо салбий тушунчага айланиб қолди.
Ваҳоланки, бузилиши керак бўлган турар ёки нотурар жой ўрнида замонавий бино қад ростлаши, натижада ҳудуд кўркига кўрк қўшилиб, одамлар учун янгича, энг муҳими, қўшимча шароитлар яратилишига ҳеч ким қаршилик қилмайди. Бироқ жойлардаги маҳаллий ҳокимликларнинг тегишли комиссиялари қурилиши режалаштирилган лойиҳаларни жойига чиқиб, аҳолининг фикрини ўрганмайди, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормайди. Ҳокимлар эса янги қуриладиган объект лойиҳасини қурувчининг қўлига тутқазиб, ишни бошлашини билдириш билан чекланмоқда.
Оқибатда бош режа асосида ҳудуд қиёфасини янгиланаётгани турли нотўғри қарашларга, жумладан «Ҳокимият ерни тадбиркорга сотди» деган ноўрин тушунчаларга сабаб бўлмоқда.
Давра суҳбатида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер майдонини олишнинг барча жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди. Олий суд раиси ўринбосари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Ё.Гадоев.