Содиқ Сафоев “е-КАМКА” форум ҳафталиги доирасидаги давра суҳбатида иштирок этди

2020 йил 15-19 июнь кунлари “е-КАМКА WEEК” форуми ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, “КАМКА” Минтақавий форуми (Марказий Осиё – Мўғулистон – Кавказ – Афғонистон) кенг кўламли масалалар юзасидан минтақавий мулоқотга кўмаклашиш, барқарор ривожланиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сиёсий бўлмаган платформадир.

Жорий йил 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Коронавирус пандемияси давридан кейинги муаммолар ва КАМКА минтақаси учун имкониятлар” мавзусидаги видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган давра суҳбатида иштирок этди.

Давра суҳбатида АҚШнинг Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ институти директори Сванте Корнелл, Жорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик масалаларини ўрганиш маркази Халқаро ва хавфсизлик масалалари факультети декани Эндрю Микта, шунингдек, Буюк Британия ва Мўғулистондан экспертлар ва ишбилармонлар қатнашди.

Видеомулоқотда дунёда ҳозирги пандемия шароитида ижтимоий-иқтисодий йўналишларда олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Жумладан, иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг кейинги уч йилдаги саъй-ҳаракатлари бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини бераётгани эътироф этилди.

“Calatrava Grace” компанияси ижрочи директори Майкл Зеллман қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича қабул қилинган дастурлар пандемия даврида аҳолининг турмуш шароитини яхшилашда ўзининг натижасини бераётганига урғу берди.  

Шунингдек, мамлакатимиз коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва салбий таъсирини юмшатишда Марказий Осиёда етакчи ўринда эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил Тошкент шаҳрида “КАМКА” (Марказий Осиё - Мўғулистон - Кавказ - Афғонистон) минтақавий форуми бўлиб ўтган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.