Соғлом ва ёш кўринишни истасангиз, лавлаги истеъмол қилинг

Ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида қизилча (қизил лавлаги)нинг фойдали хусусиятларига баҳо берар экан, “У жигар ва талоқдаги зарарли тиқинларни очувчи, буйрак ва қовуқ касалликларида ҳамда бавосилда шифо бергувчидир”, деб ёзади. Улуғ ҳакимнинг таъкидлашича, қизилча барги бўғим оғриғи ва яра-чақаларни даволашда ишлатилади, сиқиб олинган суви сочдаги қазғоқни кетказади, юздаги ҳуснбузарни даволайди, сепкилни йўқотади.

Иммунитетни мустаҳкамлайди

Илгари қизил лавлагидан фақат дори сифатида фойдаланишган экан. Ҳозирги замон олимлари унинг саломатлик ва узоқ умр кўришга катта таъсир кўрсатадиган мўъжизакор неъмат эканлигини тасдиқламоқда.

Таркибидаги витамин А ва витамин Р томирларни қайишқоқ ва майин қилади, юрак-томир касалликлари, айниқса, гипертоник хасталиклар ривожланишининг олдини олади. Лавлагида “бетаин” деган органик модда бор. У қондаги холестерин даражасини пасайтиради, жигар ишини меъёрлаштиради. Бу неъмат таркибидаги витамин С организмнинг инфекцион ва шамоллаш касалликларига қаршилик кучини ошириб, иммунитетнинг мустаҳкамланишида кўмаклашади.

Қон ишлаб чиқаришда иштирок этади

Лавлагида фолат кислота мавжуд. У қон яратилиши учун зарур бўлиб, эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитлар ҳосил бўлишида қатнашади. Шунингдек, лавлагида темир, кальций, магний, фосфор, кольбат ҳам бор.

Тери-таносил касалликларини даволайди

“Тиббий ўгитлар” асарида Ибн Сино шундай ёзади: “Қизил лавлагининг шираси ва баргининг қайнатмаси совуқдан ёрилганга фойда қилади. Агар сепкил ва доғ бор жойни сода билан ювиб, кейин лавлагининг баргини қўйиб боғланса кетказади. Баргининг сиқиб олинган суви бурга ва битни ўлдиради, осилиб турган сўгалларни кўчиради. Лавлаги баргининг қайнатилгани оловдан куйганга яхши таъсир қилади. Асал билан қўшиб суркалса, темираткини даволайди. Яраларга қўйиб боғланса тузатади…”.

Тиббиётда қўлланилиши

Замонавий табобатда қизил лавлаги меъда-ичак, жигар, ўт йўллари касалликларини даволашда ишлатилади. Шарбати кучли ўт ҳайдаш хусусиятига эга. Пиширилгани қабзиятда яхши ёрдам беради, бу неъмат айниқса камқонликда фойдали. Шарбати ҳазм жараёнини яхшилаш баробарида моддалар алмашинувида ҳам фаол иштирок этади. Қандли диабет, қабзият, камқонлик, атеросклероз, тиреотоксикоз сингари дардларни тузатишда ёрдам беради.