Солиқ ҳақида қилинган мурожаатлар жавобсиз қолмайди

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда бошқарма бошлиғи дастлаб вилоятдаги давлат солиқ хизмати органларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

- Мурожаатлар билан ишлаш бошқармамиз тизимидаги ҳар бир ходимнинг биринчи даражадаги вазифаси, - деди Ш.Аҳмедов. – Шунингдек, шахсий ва сайёр қабуллар ўтказиш, фуқароларнинг солиқ масаласидаги саволларига жавоб топиш, бу борадаги муаммоларини жойида ҳал этиш энг асосий ишимиз саналади. Шунинг учун 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят давлат солиқ идоралари органларига 438 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг барчаси ўз вақтида ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, бошқармамизнинг @samarqandsoliqmaslahatchilari телеграмм гуруҳи мавжуд. Бу ижтимоий тармоқ мессенжери орқали ҳам ҳар куни ўнлаб мурожаатлар келади ва ходимларимиз ўз йўналишлари бўйича тезкорлик билан жавоб беришади. Дарвоқе, тадбиркорлар, умуман, барча солиқ тўловчилар ушбу телеграмм ва бошқармамизнинг (66) 234-06-16 рақамли “Ишончи телефони”га солиқ мавзусида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин.

Анжуман давомида журналистлар солиқ янгиликлари, қўшимча қиймат солиғи, қабул қилинаётган Солиқ концепцияси асосида тизимга киритилаётган қўшимча ва ўзгаришлар ҳақидаги саволларига жавоб олдилар.

Акрам БЎРИЕВ.