Солиқ қонунчилигида қандай ўзгаришлар рўй берди?
Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан 2021 йилда Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Тадбиркорлар ва ҳисобчилар иштирок этган тадбирда жорий йилда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, солиқ ставкалари ва соҳага доир бошқа масалалар юзасидан атрофлича сўз юритилди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи тўловчи корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжири узилишининг олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъи назар, алкоголь маҳсулотлари, жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгилангани қайд этилди. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари акциз солиғининг солиқ солиш объектидан чиқариб ташлангани таъкидлаб ўтилди.
– Солиқ соҳасидаги янгиликлардан ўз вақтида бохабар бўлишимиз жуда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Temurshox stil” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Феруза Усмонова. – Ушбу семинарда 2021 йилда солиқ қонунчилигига жорий қилинган янгилик ва ўзгаришлар хусусида атрофлича маълумотга эга бўлдик. Бу эса, ўз навбатида, фаолиятимизда солиқлар бўйича камчилик ва хатоликларга йўл қўймаслигимизга замин яратади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.