Солиқчи тадбиркорга кўмакчими ёки...
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан “Samarqand Chinor Qurilish” хусусий корхонаси раҳбарининг Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимларининг ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганиш давомида Самарқанд вилояти солиқ органлари томонидан “Samarqand Chinor Qurilish” хусусий корхонаси ва шу каби бошқа тадбиркорлик субъектларидан асоссиз равишда пул маблағларини ундириш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 24 июндаги 76-х/с-сонли буйруғига мувофиқ, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши юзасидан 22 та тадбиркорлик субъектида камерал солиқ текширув ўтказилган. Бу жараёнда инспекция ходимлари томонидан Солиқ кодексининг 248, 463 ва 303-моддалари нотўғри талқин этилиши натижасида ушбу тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб рақамига 10,58 миллиард сўмга тенг инкассо топшириқномалари қўйилиб, 20 нафар тадбиркорнинг ҳисоб рақамидан 2,47 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ечиб олинган.
Вакил девони ушбу ҳолатдан норози бўлиб, мурожаат қилган 3 нафар тадбиркорнинг ҳисоб рақамига қўйилган 2,57 миллиард сўм миқдоридаги инкассо топириқномаси олиб ташланиши ва ноқонуний равишда ундириб олинган 500 миллион сўм миқдоридаги маблағлар қайтариб берилишини таъминлади.
Шу билан бирга солиқ органи ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар республика Бош прокуратурасига юборилди.
Ш.Ҳамдамов,
Вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори.